Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Геморрагик иситма касаллигидан эҳтиёт бўлинг!

Геморрагик иситма касаллигидан эҳтиёт бўлинг!

13 май 2022
2 663
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Қора моллар ва қўй-эчкилар қонини сўриш билан ҳаёт кечирадиган иксод, аргас ва бошқа каналар ўта хавфли  юқумли касаллик бўлган  Қрим-Конго геморрагик иситма (халқ тилида хуни-муни) касаллиги вирусининг ташувчиси бўлиб, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вируси кана организмида умрининг охиригача қолади. 

Шу даврда бирор бир кишини кана чақадиган ёки кана ўлдирилганда қони терига, кўз, оғиз ва бошқа шиллиқ қаватларга тегадиган бўлса касаллик пайдо бўлишига сабабчи бўлади.
Бундай зарарланган каналар ҳатто тухуми орқали касаллик чақирувчи вирусни авлодларига ҳам ўтказади. 
Тухумдан ривожлиниб улғайган кана ҳам Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги билан зарарланган бўлиб, чаққан ёки қони текканда кишида касаллик пайдо бўлишига олиб келади. 

Қрим-Конго геморрагик иситма (хуни-муни) касаллигига сабабчи бўладиган кана турларидан намуналар: 

Hyalomma 
Dermacentor   
Ixsodis

Йилнинг ўртача суткалик ҳаво ҳароратининг 250Сдан юқори бўлган даврда (апрел-сентябр) каналарнинг фаоллашуви кузатилади ва шу даврда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги одамлар ўртасида учраш ҳоллари йилнинг бошқа даврига нисбатан кўпроқ кузатилади.


Чорва молларини Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вируси билан зарарланган каналар чақиб, ҳайвон танасига касаллик чақирувчи вирусни юқтирган тақдирда ҳам,  чорва ҳайвонларда касаллик белгилари кузатилмайди. 


Геморрагик иситма касаллиги асосан фаолияти дала-даштлар билан боғлиқ ва   чорва моллари билан шуғулланадиган касб эгалари, айниқса чорва моллари танасидаги каналарни қўллари билан териб, қайчи билан кесиб, ҳатто тош билан эзиб ўлдирадиган ҳолатлар кишилар орасида тез-тез учраб туради, натижада канани қони қўлга ёки очиқ терига тегиши касалликни юқишига сабаб бўлади.


Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг юқувчанлиги юқори бўлганлиги учун тиббиёт ходимларининг кичкина эҳтиётсизлиги оқибатида бемор кишидан тиббиёт ходимига ҳам касаллик юқиш эхтимоли борлигини эсдан чиқармаслик лозим. 


Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги юққан одамда тана ҳароратининг кўтарилиши, баданларда тошма тошиши, тиббий муолажа (инъекция) ўрни ва атрофида кўкариш,  милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши касалликнинг асосий аломатлари ҳисобланади. 


Касалликка қарши кураш  иммунитети паст  бўлган айрим одамларда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги оғир кечади, ўз вақтида тиббий ёрдамга мурожаат этилмаган ҳолларда ўлим қайд этилади. 

Ўтган 2021 йил апрель ойида Деҳқонобод туманида кана чақиши ва ўз вақтида тиббиёт муассасаларига мурожоат қилмаганлиги сабабли бир кишида ўлим ҳолати қайд этилди. Косон тумани, Шаҳрисабз шаҳрида геморрагик иситма касаллигига гумон билан даволаниш ҳолатлари қайд қилинди.           

                Кана чақишининг олдини олиш учун қуйидагилар     

                                                   тавсия этилади:

— табиат қучоғига дам олиш учун апрел-май ойларида имкон қадар камроқ чиқиш, борилганда ҳам тозароқ жойларни танлаб дам олиш, тунда тунаб қолмаслик;
— дала-даштлардан, бозорлардан қора мол ва қўй-эчкиларни канага қарши ишлов бермасдан ҳовлига  олиб кирмаслик;
— чорва ҳайвонларида аниқланган каналарни қўл билан эзиб, тош билан янчиб  ва қайчи билан кесиб ўлдирмасдан, балки  дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарни йўқотишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш; 
— қирқим мавсумига  ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик;          
— қирқим мавсумида фақат махсус (қўлқоп,енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) кийимлардан фойдаланиш;
— қирқим пайтида шахсий гигиена қоидаларига  қатъий амал қилиш.

Агар Сизни, кана чақса ёки қўлларингиз кана қони билан ифлосланса, зудлик билан яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат этинг!  

Унутманг! Кана чақишини олдини олиш ва кана қони билан қўлингиз, юзингизни ифлосланишидан муҳофазаланиш чорасини кўришингиз Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг олдини олиш демакдир.


Шоғдор Номозов, Вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси

Жамоатчилик бўлими мудири                                                                              

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: