Бош саҳифа » РЕПОРТАЖ » Қарши давлат университетида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

Қарши давлат университетида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

01 авг 2022
841
РЕПОРТАЖ / МАҲАЛЛИЙ
Жорий йилнинг 1 август санасидан бошлаб, мамлакатимиздаги 46та олий таълим муассасасида бўлгани сингари Қарши давлат университетида ҳам 2022-2023 ўқув йили қабули жараёнидаги касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди. Бу ҳақда "Nasafnews"га Қарши давлат университети ахборот хизмати маълумот берди.

Маълумотга кўра, бу йил университетга Спорт фаолияти: футбол (кундузги, сиртқи), волейбол (кундузги, сиртқи), енгил атлетика (кундузги, сиртқи), кураш (кундузги, сиртқи), дзюдо (кундузги, сиртқи) ва дизайн: либос ва газламалар (кундузги) бакалавр таълим йўналишларига 1234 нафар абитуриентлар ҳужжат топширди.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар Қарши давлат университети марказий стадиони, спорт заллари ва Санъатшунослик факультети биносида бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир йўналишлардаги имтиҳонлар бўлиб ўтаётган ҳудудларда абитуриентларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган.

Шунингдек, имтиҳонларни адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун 24 соат узлуксиз ишлайдиган видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлиб, жараёнларни
https://exams.live.qarshidu.uz/ ҳаволаси орқали реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш имконияти яратилди. Абитуриентларнинг ота-оналари, яқинлари учун ҳозирланган кутиш заллари ва имтиҳон хоналари замонавий совутгичлар билан жиҳозланган.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат тизимини бошқариш бўлими масъул  вакиллари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан кузатиб борилмоқда.

Айтиш мумкинки, бугундан бошланган касбий (ижодий) имтиҳонлар абитуриентлар учун энг масъулиятли ва ҳал қилувчи паллани бошлаб берди. Имтиҳонлар жорий йилнинг 10 августига қадар ўтказилади ва бу давр оралиғида алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида энг муносиблар сараланади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: