Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Қашқадарёдаги таълим даргоҳларида 1,6 млрд сўм ўзлаштирилгани аниқланди

Қашқадарёдаги таълим даргоҳларида 1,6 млрд сўм ўзлаштирилгани аниқланди

17 окт 2022
1 838
МАҲАЛЛИЙ

Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит бошқармаси томонидан Қашқадарё вилояти халқ таълими муассасаларида комплекс аудит тадбирлари ўтказилди.

Назорат тадбирлари натижаларига кўра, вилоятдаги таълим муассасаларининг масъул ходимлари томонидан 16,1 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиши (шундан, 1,6 млрд сўмлик ўзлаштириш) ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Таълим муассасаларида аслида ишламайдиган ходимларга иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш ва ходимларининг ойлик маошларига қўшиб ёзиш ҳисобига 1,4 млрд. сўм, шундан, Чироқчи туманида 836,5 млн. сўм, Деҳқонобод туманида 243,8 млн. сўм, Косон туманида 233,2 млн. сўм, Миришкор туманида 111,1 млн. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилганлиги, ўтилмаган дарс соатлари учун 3,6 млрд. сўм бюджет маблағлари ортиқча сарфланганлиги аниқланди.

Шунингдек, Қарши шаҳар 33-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ходимларига 2,2 млрд. сўмлик устама иш ҳақи нотўғри тўланган.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари, зарарларни қоплаш ва бошқа асоссиз тўловларга ходимларни иш ҳақидан ушлаб қолинмасдан 1,4 млрд.сўм ноқонуний харажатлар амалга оширилган.

Шартнома шартларига риоя қилмаган ҳолда, техник талабларга жавоб бермайдиган оргтехникалар сотиб олиниши натижасида 568,4 млн. сўм миқдорида бюджет маблағлари самарасиз сарфланган.
Мазкур аниқланган ҳолатлар бўйича 16,1 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

Шу билан бирга, назорат тадбирлари давомида 256 та таълим муассасаларида 285,3 млрд.сўмлик бино-иншоот ва товар-моддий бойликларини бухгалтерия балансига киримга олиниши таъминланди.

Вазирлик раҳбарияти ҳамда Ички аудит бошқармаси томонидан ўтказилган комплекс аудит натижалари ва соҳага оид бошқа камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. Ўз хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизлик билан ёндошган ва камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилиши белгиланди ҳамда қатъий огоҳлантиришлар берилди.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: