Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Совуқда юпун кийинган қизлар билан қалин кийимда расмга тушган Шаҳрисабз ҳокими қатнашган тадбир Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил қилингани айтилди

Совуқда юпун кийинган қизлар билан қалин кийимда расмга тушган Шаҳрисабз ҳокими қатнашган тадбир Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил қилингани айтилди

02 дек 2022
1 069
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Темур Поёнов совуқда юпун кийинтириб қўйилган қизлар билан Шаҳрисабз шаҳар ҳокими учрашгани ҳақидаги видеони эълон қилди. 

Видеода қизлардан бирининг онаси сўз олиб, қизалоқларнинг қалин кийимлари қўлида экани, суратга тушиш учун ҳозирланганини тушунтирса, Шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов шаҳарда очилган боғчалар ҳақида ҳисоботи ҳақида маълумотлар эшитилади. 

Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги Шаҳрисабз шаҳар бўлими бошлиғи ҳам ҳолатни изоҳлайди. Темур Поёновнинг ҳолатга билдирган муносабати эса қисқа фурсатда журналист ва блогерлар томонидан муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Темур Поёнов томонидан эълон қилинган видеога журналист Отабек Қўлдошев фикр билдирди.

"Куннинг совуғида шу жажжи қизларни шу фонда олиб чиққан Шаҳрисабз шаҳри ҳокими, бу ҳақида танқидий фикрлаганларга жавобан қизларни қайта гапиртирибди. Шу ҳокимга айтар гапим: виждонингга ўт тушсин, сен ҳам отамисан? Сенинг Шаҳрисабз шаҳрида қанча боғча очганингни, ҳар юз нафар боладан етмиш нафарининг боғчага чиқиши билан боғлиқ воқеага бу қизларнинг нима алоқаси бор? Шаҳарда нечта институт очилишининг, кўп қаватли уйлар қурилишининг, совуқдан титраётган қизларга не алоқаси бор? Нега уларни юпун кийимда саҳнага чиқишга мажбур қилиш керак?",- дея ёзди. 

Шунингдек, ҳолатга блогер Ҳусан Комилжонов ҳам эътибор қаратди. 

"Гулҳан атрофида ўта совуқда ёшларни юпун кийинтириб, Президент олдида очко оламан деб ўйламанг айрим раҳбарлар. Сизнинг нафас олишингиздан ташқари хатти-ҳаракатларингиз ҳақида кунлик «сводка» вилоятга ҳам, Республикага ҳам етиб боради стол устига. Очко олмоқчи бўлсангиз, ёшларга иш ўрни яратинг. Ҳам Ҳақни, ҳам халқни, ҳам раҳбариятни эътирофига сазовор бўласиз. Хато инсонга хос, қайтарманглар бошқа",- деб ёзади блогер.

Тармоқ фаоли Дилшод Набиев ҳам муносабат билдирар экан, шаҳар ҳокими баёнотини эълон қилишда нега Поёнов танлангани ҳақида саволни ўртага ташлади.

"Совуқ кунда юпун кийинган ўқувчи қизлар билан қалин кийимда расм тушган Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов ҳақида тармоқда яшин тезликда хабарлар тарқалди.  Бунга жавобан шаҳар ҳокимлиги баёнотни эълон қилишда Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Темур Поёновни танлади. Поёнов ҳам бу масалада бир видеога қараб, бирдан хулоса қилди, қўйди. Бизга (ёшларга) Поёновнинг ёшлар ташкилоти сифатида ушбу воқеиликка нисбатан муносабати қизиқ, оқлови эмас. Ёшлар ташкилоти чиройли кўринса-да, болаларни бундай юпун кийимларда тадбирга жалб қилмаслик кераклиги ҳақида билмаса керак. Буни Халқ таълими вазирлиги айтиб турган бўлса, оқлов нечук, Поёнов?", - деб ёзади Дилшод Набиев.

Бунга жавобан Поёнов:

"Қизларни ўзи хоҳлаган бўлса-да, рақсга тушишига иштиёқи баланд бўлса-да, қисқа айтганда қизалоқларни бу об-ҳаво шароитида бу кийимда туриши нотўғри. Мен айтмоқчи бўлганим мен холис одамман, ижтимоий тармоғларда шахсга, яъни шаҳар ҳокимига қаратиш нотўғри, холис олганда, у одам ёшларни қадрлайдиган ҳоким. Биз агентлик ёшларга масъулмиз ва албатта келгусида бундай ҳолатларни олдини оламиз",- деб ёзди. 

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи бошқарма томонидан Ёшлар ишлари агентлиги Шаҳрисабз шаҳар бўлими масъулларига нисбатан хизмат текшируви тайинлангани ва албатта келгусида батафсил бу тўғрисида маълумот берилишини маълум қилди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: