Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳақида нималар биламиз?

Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳақида нималар биламиз?

02 дек 2022
1 638
МАҲАЛЛИЙ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожланишига, халқ эркинлиги ва фаровонлигининг таъминланишига ҳамда Ўзбекистон номини бутун дунёга танитишга хизмат қилмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбари, энг аввало, давлат хизматчиларининг ҳам ўзи каби одил раҳбар бўлишини,  ҳар бири ўтирган лавозимига муносиб, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, инсон қадрини улуғлайдиган, фидойи, шунингдек, масъулиятни қалбан ҳис этадиган, ҳалол, принципиал мамлакатимизни юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қиладиган хизматчи бўлишини талаб этмоқда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун моҳияти ҳам шунга қаратилган.

Давлат  хизматчиси  давлат органларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилувчи, унинг ташкилий-бошқарув функцияларини бажарувчи, юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширувчи ҳамда хизмат мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахс саналади.

Шу ўринда  “Давлат фуқаролик хизмати”, деган тушунчага ҳам алоҳида изоҳ бериб ўтиш лозим. Давлат фуқаролик хизмати – давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият саналади.

Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларига бугунги кунда тегишли талаб ва вазифалар қўйилмоқда.  Яъни, раҳбарлик лавозимига тайинланаётган ҳар қандай шахс олий маълумотли, давлат фуқаролик хизмати ҳамда эгаллаган мутахассислигига доир қонун ҳужжатларини қўллаш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Шу билан бирга давлат тили ҳамда хорижий тиллардан бирини мукаммал билиши, стратегик ва таҳлилий фикр юрита олиши, қарорларни тез қабул қилиши ҳамда уларни қисқа фурсатда бажариши, юқори профессионализм, софлик ва адолатда ҳам бирдек ўрнак бўлиши, иш вақтидан самарали фойдалана билиши, тадбирларни режалаштириш кўникмаларига эгалиги, мунтазам ўз устида ишлаши, хусусан, хорижий тажрибани кузатиб бориши ҳамда энг афзал жиҳатларини иш жараёнига қўллай олиши, коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига кўмаклашиши, ўз хизмат вазифаларини оқилона бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги, энг муҳими, охирги уч йилда давлат органлари ва ташкилотларидан салбий сабабларга кўра белгиланган тартибда бўшатилмаган бўлиши лозимлиги талаб этилади.

Қонунда мамлакатимизда кадрларни очиқ мустақил танлаб олиш шартлари асосида саралаш ва лавозимларга жойлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, юртимизда ва хорижда малакасини ошириш, уларга даражалар бериш орқали мансаб поғоналаридан кўтарилиб бориши таъминланиши таъкидланган. Шу билан бирга ушбу қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари  ҳам кўзда тутилган.  


“Давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт”, дея талаб қўйилган қонунда. 

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиси Давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳатти-ҳаракатлардан сақланиши лозим. 

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва унга тўлақонли амал этилиши нафақат  давлат хизматчиларига, балки жамият равнақига, шунингдек, халқ манфаатига ҳам бирдек хизмат қилиши табиий.

Зафар Эргашев, Китоб тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: