Карантин чоралари кучайтирилмоқда. Эртадан “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда уч кишидан ортиқ тўпланиш тақиқланади

558

Эпидемиологик вазият ёмонлашганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси тегишли қарорларни қабул қилди.

1 июлдан бошлаб:

⛔️ республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади;

⛔️ “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07.00 дан 23.00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23.00 дан 07.00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади;

Бунда:
фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.

⛔️ “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.

Иккинчидан, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан (қизил рейслар) Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз ҳоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Хусусан:

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган меҳмонхоналар уларга тегишли объектларни 24 соат узлуксиз қўриқлаш бўйича Миллий гвардия билан шартнома тузади;

ушбу меҳмонхоналарда тиббиёт муассасалари томонидан шартнома асосида кундалик тиббий хизмат ташкил этилади;

фуқаролар республиканинг халқаро аэропортлари ва чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхоналаргача йўл патрул хизмати вакиллари кузатуви остида транспорт воситалари билан етказилади.

Бундан ташқари барча юқорида қайд этилган талабларга қатъий риоя этган ҳолда, карантин назорати даврини ўтказиш учун меҳмонхоналарда жойлаштириш шарти билан хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни туроператорлар ва авиаташувчилар томонидан ҳам республикага етказиб келиш рейслари ташкил қилинишига рухсат берилди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here