Суюлтирилган газ баллонларини тарқатаётган ходим калтакланди

1008

Жорий йилнинг 25 июль куни соат 18:00ларда “Ҳудудгаз” Қашқадарё бўлими Касби тумани филиали ходими К.Туйғунов ташкилотга тегишли “Isuzu” русумли автомашинада туманнинг Таллиюлғун қишлоғига аҳолига суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш мақсадида боради.

Қишлоқ вакили Д.Тоғаевга учрашиб, газ баллонлари тарқатиладиган аҳоли рўйхатини сўраганида у уйига реестрни олиб чиқиш учун кириб кетади.
Шу пайт шу қишлоқда яшовчи нотаниш уч нафар фуқаро тиббий ниқоб тақмасдан, спиртли ичимлик истеьмол қилган ҳолда, ҳеч бир сабабсиз К.Туйғунов бошқарувидаги “Isuzu” русумли автомашинанинг олдига “Матиз” автоуловини қўйиб, “Сен нима сабабдан машинамнинг орқа фарасини синдирдинг?!” деб удағайлашади. Кейин эса ҳар хил сабабларни рўкач қилиб, уни уриб, тортқилаб, тан жароҳати етказишади.

Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилганида зўравонлар шу қишлоқда яшовчи Анвар Номозов, Санжар Амиров ва Азизбек Шодиев эканлиги маълум бўлди.

Яқинда мазкур ҳолат Маъмурий ишлар бўйича Касби тумани судида кўриб чиқилди. Фуқаролар Анвар Номозов, Санжар Амиров ва Азизбек Шодиев жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этгани учун уларнинг ҳар бири энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлаб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ҳам ўтайдиган бўлди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here