Касбидаги мактабда «қуролхона» ташкил қилинганми? Халқ таълими бўлимининг бунга изоҳи қандай?

575

Қашқадарё вилояти Касби туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактабида «қуролхона ташкил қилинган».
Бундай дейишга сабабимиз бор. Боиси «Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик» фани ўқув хонасининг эшигига « қуролхона» деб ёзиб қўйилган.

Қизиқ, барчада бирдек савол туғилади? Бу ерда қурол сақланадими ёки адашиб ёзилганмикан?

-Бизга Касби туман Халқ таълими бўлимидан буйруқ бўлган. Услубчи Арслон Янгиев ҳар бир мактабда ҳудди мана шундай синфхонасини тайёрлаш учун ажратиб, «қуролхона» деб ёзиб қўйишимизни таъкидлаган,- дейди мактаб директорининг ўринбосари Муҳиддин Эшқулов.

Биргина сўз ёки жумланинг нотўғри тузилиши ва бунинг нотўғри талқин қилиниши ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир кўрсатмаслигига ким кафолат беради?

Бу борада мактаб директори Жўра Бекназаровдан аниқ жавоб ололмагач, Касби туман Халқ таълими бўлими мудири Тўра Шаймардоновга боғландик:

-Бу ахир арзимаган нарса-ку. Шуни энди катта гап қилиш шартми? Нима учун бунақа ёзилишини аниқлаб сизларга айтаман.

Балки, ростдан ҳам чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик бўйича кўрсатилган меъёрий ҳужжатларда ҳудди шундай деб ёзиш айтиб ўтилгандир.
Бироқ ушбу меъёрий ҳужжатни ҳеч ким бизга тақдим эта олмади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here