Қаршида янги нодавлат университет очилдими? Ёлғонларга алданиб қолманг!

256

Жуда кўпчилик хабар йўллаб, Қарши шаҳрида очилган янги нодавлат университет ҳақида маълумот беришимни сўрашмоқда, деб ёзади блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Олинган хабарларга кўра, Қарши шаҳрида «Халқаро ижтимоий-иқтисодиёт университети» нодавлат таълим муассасаси очилгани эълон қилиниб, жуда кўпчиликдан ҳужжатларни қабул қилишмоқда экан. Ҳужжат топшириш пуллик – 101.365 сўм!

Ташкилотчилар барча келган абитуриентларга бу университет гарчи нодавлат бўлса ҳам, лекин дипломи давлат ОТМ билан бирдек кучга эга эканлиги, лицензияси борлиги ҳақида айтишмоқда экан.

10 дан ортиқ йўналишлар бор эмиш. Ҳеч қанақа имтиҳон йўқ, шундоқ контракт тўлаб ўқиб кетиш мумкин экан. Ўқишга топшириб қўйган абитуриентлардан ҳам «йиқилсанг, бизда ўқишинг мумкин» дея ҳужжат қабул қилишаётган экан.

❗️Аммо буларнинг барчаси чўпчак! Қип-қизил ёлғон!

«Халқаро ижтимоий-иқтисодиёт университети» нодавлат таълим муассасаси ҳеч қандай лицензияга эга эмас ва ўз-ўзидан уларда фуқароларга олий таълим бериш ҳуқуқи йўқ.

Улар содда халқни алдаб, миллионлаб пул тўплаб ётишибди. Келганларга «мана, бизнинг лицензиямиз бор» дея, Давлат хизматлари марказидан берилган юридик шахсни рўйхатга олиш гувоҳномасини кўрсатишмоқда. Бунақа гувоҳномани исталган одам 5 минутда олиши мумкин. Содда халқ эса, шу гувоҳномани лицензия деб ўйламоқда.

Мендаги маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси аллақачон ушбу лицензиясиз таълим муассасаси фаолиятига чек қўйишни сўраб Қашқадарё вилоят ҳокимлиги номига хат йўллаган. Тез орада расмий хабар бериб қолинса ҳам керак.

Шу ўринда мутасаддилардан нафақат уларнинг фаолиятига чек қўйиш, балки алданиб пул тўлаган фуқароларнинг пулларини ҳам эгаларига қайтариш чораларини кўришларини сўраб қоламиз.

Юртдошларимиз ҳам бу каби ёлғонларга учмасдан, ким нима деса ишониб кетавермасдан, сўраб-суриштириб кўришса ёмон бўлмасди. Аввалроқ Қозоғистондаги ОТМларнинг филиалимиз дея ёлғон гапириб, минглаб инсонлардан пул олаётганлар ҳақида ёзган эдим. (https://t.me/xushnudbek/2682)

Огоҳ бўлинг, алданиб қолманг!

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here