Қаршидан Туркманистонга олиб ўтилаётган психотроп таблеткалар тўхтатиб қолинди

128

Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, психотроп моддалар истеъмоли инсон марказий асаб тизими ва ички органлари жиддий шикастланишига ҳамда ногирон фарзандлар туғилишига сабаб бўлади. Психотроп таблеткалар таъсири остида оғир жиноятлар содир этилмаслигига ҳам кафолат йўқ. Ўз-ўзидан аёнки, бундай моддаларнинг якка шахс ҳаёти ва жамият равнақига хавфи жуда катта.

Шу боис юртимизда психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланмасига қарши мунтазам кураш олиб борилади. Қашқадарё газетасининг ёзишича, шундай ҳолатлардан бири «Қарши-Керки» чегара божхона постида аниқланди.

Мазкур чегара божхона пости орқали Туркманистон Республикасига кетаётган чет давлат фуқароси С.А.нинг ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотиб, унинг қўл юклари рентген аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилди. Натижада, юклар ичида декларацияланмаган ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, полиэтилен пакетга яширилган 50 дона «Циклодол» психотроп таблеткаси борлиги ва ноқонуний равишда олиб ўтилаётгани фош этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here