Қашқадарёдаги чекка қишлоқларда ичимлик суви муаммоси қандай ҳал этилади?

352

Статистик маълумотга кўра, Қашқадарё вилояти Косон туманида 278,2 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.Туманда ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар йиллар давомида тўпланиб келмоқда. Натижада туман маркази ва чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи фуқаролар ичимлик сувини бошқа туманлардан тошиб келиб истеъмол қилади.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, бу тизимда юзага келган муаммоларни ечиш масаласи бугун долзарб аҳамият касб этмоқда.

Чекка қишлоқларга ҳам ичимлик суви кириб боради

Косон туманидаги “Жарқум” ва “Майдаёбу” қишлоқлари туман марказидан 80, 90 км. узоқликда жойлашган. Бу ҳудудларда ичимлик суви билан боғлиқ муаммо йиллар давомида ечилмай қолган.
Авваллари “Жарқум” қишлоғига эътибор қаратилмас, ҳудудда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмагани натижасида қишлоқ эски ва кўримсиз жойлардан бирига айланганди.
Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастурига асосан “Жарқум”да кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.
Ҳудудда ичимлик суви билан боғлиқ муаммони ечишга ҳам аҳамият қаратилди.
Бу қишлоқларга марказлашган ичимлик суви қувурлари кириб бормаганлиги сабабли сув йиғиш иншоотини қуриш талаб этилди ва бу иншоотга 2 та артизан сув қудуғини улаш режалаштирилди. Агарда иш муваффақиятли якунланса, қишлоқнинг 4 минг нафар аҳолиси хонадонига ичимлик суви кириб боради.
Тумандаги «Тошкўприк» ва «Гувалак» қишлоқларига ҳам ичимлик суви кириб бормаган. Натижада мазкур ҳудуддларда истиқомат қилувчи 5 минг нафарга яқин аҳоли сувни сотиб олиб истеъмол қилади.
– “Гувалак” қишлоғида бундан 10 йиллар аввал ичимлик суви мунтазам равишда келиб турган,- дейди Косон туман «сувоқова» филиали бошлиғи Жамол Расулов.
Хонадонларнинг ҳар бирида “водопровод ” мавжуд, лекин ҳозирда сув келмайди.
Бунга сабаб ўтган асрда қурилган сув қувурлари эскириб, яроқсиз ҳолга келган. Натижада “Қарши ва Муборак” марказлашган қувуридан ўтган линияда ичимлик суви исроф бўлиб бошлаган. Шундан сўнг, қишлоққа борадиган қувурлар ёпиб ташланган.
2019 йил Туман ҳокимлиги ташаббуси билан қувурларни таъмирлаш ва яроқсизларини янгисига алмаштириш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда асосий қувурдан 6 км 700 метр сув қувури тортилди. Янги қувурларни тортиш учун 87 млн сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, «Замин» маҳалласи ҳам 2020 йил дастурга киритилиб, ер ости қудуғини қазиш ишларига 700 млн сўм маблағ ажратилди.
Маълумотга кўра, косонликларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2020 йилда туман маркази Косон шаҳри давлат дастурига киритилди. Марказда жойлашган кўчаларда эскириб ва яроқсиз ҳолга келган 117 км ичимлик суви қувури алмаштирилади. Насос станцияси янгиланади. Бу ишларга давлат томонидан 38 млрд сўм маблағ ажратилади. 2020 йил якунига қадар туман аҳолисининг 70 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланиши режалаштирилмоқда.
Шу ўринда бир жиҳатга аҳамият қаратиш зарур, чекка ҳудудларда ичимлик суви муаммоси гапирилса, бу муаммога ечим топиш имконсиздек қаралади. Бу тушунча нотўғри. Ҳудуд шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир масалага ечим топса бўлади.
Сабаби, Қашқадарё вилоятининг энг чекка қишлоқларига ҳам аввалари ичимлик суви мунтазам равишда келиб турган. Қишлоқлар яқинида магистраль ичимлик суви қувурлари ўтган. Лекин аҳоли хонадонларига борувчи қувурлар эскириб қолиши натижасида сув келишида қатор муаммолар юзага келган.
Вилоятнинг биргина Косон туманида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишларининг мақсади бу муаммоларни ечиш ва аҳоли хонадонларига тоза ичимлик сувини қайтаришдир. Сувни тежаш эса алоҳида мавзу. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

Дилшод Набиев тайёрлади

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here