Ана холос! Қашқадарёдаги мактаб ўқувчилари чет элга ишлагани кетмоқда

820

Чироқчидаги 101-мактаб ўқувчилари икки йилдан буён пойтахт Тошкент ва қўшни Қозоғистон Республикасига мардикорлик қилиш учун чиқиб кетишаяпти. Энг қизиғи, икки йил давомида ушбу мактабнинг 8-9-10-11 синф ўқувчиларининг деярли ярми йил давомида дарсга умуман қатнашмаган. Бу ҳам етмаганидек, мактаб директори дарсга келмаган бу ўқувчиларни “баҳолари ва табелларини тўлдирасан!” деб ҳар чорак ва йил якунида ўқитувчиларни мажбурлаши. Бундан ташқари, мактабнинг жорий йил таъмири учун давлат томонидан ажратилган 60.000000 (Олтмиш миллион сўм) лик маблағ талон-тарож этилган.

Бу ҳақда “Uztimе.uz” га мурожаат йўллаган бир гуруҳ педагоглар мактаб ва ўқувчиларнинг кейинги тақдиридан хавотирда эканликларини ҳамда мазкур масалалар бўйича бир қатор мутасадди идоралардан тайинли жавоб ололмаётганликларини билдириб ўтишган. Муаммолар фақат шу билан барҳам топмаган, афсуски қуйида мазкур таълим масканининг бундан-да чигал масалалари ҳақида ҳам сўз боради.

ИШЛАМАГАН ТИШЛАЙДИ, ЎРГАНИНГ…

Мурожаатда келтирилишича, ушбу мактаб жамоаси ичида ҳеч қачон мактабга келмаган ва бирор соат дарс ўтмаган, аммо ҳамма қатори давлат бюджетидан маош олиб келаётган “педагог ходимлар” ҳам бор бўлиб улар бугунги кунга қадар мавжуд эмиш. Мурожаат йўллаган ўқитувчилар уларни номма-ном санаб ўтиши билан бирга, шу кунга қадар давлат бюджетидан улар учун ишланган ойлик суммасини ҳам киритиб ўтишган. Ўша аслида йўқ “ўлик жон”лар учун берилган пуллар қуйидагилар деб келтирилган.
1) Қўйлиева Моҳинур – 3.123.113 сўм
2) Элмуродова Хайринисо – 512.517 сўм
3) Шайманова Мунира – 3.517.963 сўм
Бу ўтган йилги маълумот бўлиб, ҳозирда юқоридаги рақамлар ва исм-шарифлар ҳам кўпайган дейилади, аризада. Аризани ўргана туриб унинг ғалати (ҳар ҳолда биз учун шундай туюлди) бир жойига аҳамият бердик.

“… Бизлар пластикда иш ҳақи оладиган бўлсак-да, нақд пуллар ҳам мавжудлигини билиб қолдик. (Ҳисобчининг эҳтиётсизлиги оқибатида бўлса керак. таҳр.) Бу пуллар пластик карталардан ечиб олиниб ўзлаштириб олинмоқда. Чунки маош “ведомость” лари умуман сир сақланади ва ҳеч кимга кўрсатилмайди. Қизиқ, бу қонуниймикин?”
Бизга ҳам бу қизиқ.
Фақатгина тасодиф туфайли ушбу исм-шарифлар ва келтирилган маблағлардан хабар топган мурожаатчилар аввало бу ҳақда мактаб директоридан, кейин эса туман ХТБ мудирасидан изоҳ сўрашган. Лекин, муаммонинг тугуни ҳали ҳам ечилгани йўқ. Аризалар, мурожаатлар йиғилиб-йиғилиб аввал вилоят ХТБ, сўнгра Республика ХТВ га, Чироқчи туман прокуратураси, Қашқадарё вилоят прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси, Қашқадарё вилоят тафтиш бошқармаси, ДХХ ва ниҳоят Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҳисоб палатасига асосли равишда юборилишига қарамай улар ўрганилмай, шунчаки, яна изига қайтариб юборилгани ғалати ҳол эмасми? Юборилган хатжилдлар ва уларга берилган жавобларни кўриб икки хил тахмин уйғонади кишида. Биринчиси, ҳар бир ташкилотнинг хатлар бўлими ёки вазирликларнинг девонхоналари яхши ишламайди. Иккинчиси эса, бунақа аризаларни кўравериб кўзи қотган масъулларнинг ортиқча оворагарчиликларга тоблари йўқ. Ҳар ҳолда йиллар давомида илдиз отиб, йўқлик сари юз тутаётган Чироқчи таълими билан қизиқишга иштиёқманд бирор мард топилишидан умидвор мурожаатчилар шу фикрдалар.

“МАКТАБИМИЗ ҲАҚИҚИЙ КОРРУПЦИЯ ЎЧОҒИГА АЙЛАНГАН”

-Мактабимиз таълим-тарбия маскани эмас, ҳақиқий коррупциянинг ўчоғига айланган. Чунки, юқоридаги ҳолатлар кеча ёки бугун пайдо бўлган муаммо эмас,-дейди география фани ўқитувчиси Ж.Жуманов.
Бу ҳақда туман ХТБ мудираси Н.Абраевага мурожаат қилганмиз. Афсуски, доимгидек, “ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиш”дан нарига ўтмаяпти. Бари бефойда. Чунки, йиллар давомида бу ерда шу муҳит, шу тарбия шаклланиб улгурган. Фарзанд улғайгач, уни (асосан ўғил болалар) Тошкентга, қўшни Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун жўнатишади. Муаммонинг энг ачинарли жиҳатини айтсам, ҳар ойда малака ошириш дарсларига қатнайдиган ўқитувчиларнинг ўрнига мактабимиз директорининг Маънавий-маърифий ишлар ва Ўқув тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари дарслар ўтилди деб синф журналини тўлдириб, сохта баҳолар қўйиб, дарс соатлари учун белгиланган суммаларни ўзлаштиришади. Менимча, бу ҳақда туман ХТБ ҳам, вилоят ХТБ ҳам хабардор. Бўлмаса, бу қадар коррупцион ҳаракат авж олиши амримаҳол. Масалан, 2018 йилнинг октябр ойида 3.800000 ва 6.027.903 сўм иккала ўринбосар томонидан ўзлаштирилган.

МУДДАТИ ЎТГАН МАРКАЛАР САВДОСИ ВА НОҚОНУНИЙ ДЕКЛОРАЦИЯ МАШМАШАСИ

З.Бекмуродов, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси: -Бизда янги ишга олинадиган ўқитувчилар аслида иш жойига эга бўлишса-да, қонуний деклорация қилмасдан, тариф сеткаси орқали ишга расмийлаштирилишига нима дейиш мумкин? Бундан ташқари, мактаб учун ажратилган 40 жуфт ўқув партаси учун мактабимиз директори ва туман ХТБ мудираси Н.Абраева билан келишган ҳолда ҳар бир синфдан 6000 (олти минг сўм)дан йиғиб беришларини талаб қилиб, синф раҳбарларидан пул йиғиштириб олишгани ҳеч бир қолипга сиғмайди. Ахир мактаб жиҳозлари давлат бюджети томонидан ажратилмайдими? Бизда бюджет маблағларини киприк қоқмай ўзлаштириш “урф”га кирганига анча бўлган. Мисол учун мактабимиз директори Х.Примов жорий таъмир учун ажратилган 60.000000 (Олтмиш миллион сўм) лик маблағни бемалол “ҳазм” қилиб юборди. Айбловларимиз қанчалик жиддий бўлмасин, буларнинг барчаси асосли ҳам. Ҳар йили мактаб ва синф хоналар ўқитувчиларнинг ўз ҳисобларидан таъмирланиши ҳам аллақачон анъанага айланиб улгурган. 2018-2019 йиллар учун мактабимизда 21 та синф хонаси мавжуд бўлса-да, 22 та синф хона таъмири учун давлат бюджетидан маблағ ажратилди. Бу хамир учидан патир. Нимасини айтай, янги ўқув йилидаги китоб ва дарсликларнинг нархини бузиб, ошириб сотилганиними, 2017-2018 йилда чиқарилган маркаларнинг ҳар бир ўқувчига 5000 сўмдан мажбурий тартибда сотилаётганиними? Буларга ким, қачон барҳам беради, хайронман?

ҚАРС ИККИ ҚЎЛДАН ЧИҚҚАЧ МУАММО ҲАМ ЙЎҚ (МИ?)

Ф.Ботиров, Бошланғич таълим фани ўқитувчиси: Юқорида кўрсатилган ишларнинг барчасини биргина мактабимиз раҳбари томонидан амалга оширилаяпти дейиш кулгили ҳол, албатта. Чироқчи туман ХТБ, иқтисод бўлими, ҳисобот бўлими билан биргаликда, шерикликда “амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар” Чироқчи таълим тизимида янгилик эмас. Буни биргина бизнинг таълим даргоҳимизда бўлаётган тизимдаги бебошликлар деб атамаган бўлар эдим. Таг замири, туб моҳияти узоқ-узоқларга ва кўп йилларга бориб тақаладиган ушбу муаммолар бугун содир бўлмаганидек, эртагаёқ барҳам топмаслигини биламиз. Аммо, устоз, виждонли педагог сифатида Чироқчи таълим тизимида ҳам тез кунларда ўзгаришлар шамоли эсишини кутиб қоламиз. Чунки, бу каби муаммолар аллақачон қуёшни парда ортига беркитиб бўлмайдиган даражадаги ёруғликка чиқиб улгурди.

МАКТАБ ДИРЕКТОРИ: ҲАҚИҚАТНИ ЁЗИНГ, ФАҚАТ ҲАҚИҚАТНИ

Х.Примов: 101-умумий ўрта таълим мактаби директори: Юқорида санаб ўтилган муаммолар бизда йўқ деб айта олмайман. Тўғри, бизда ўқувчиларнинг ойлаб дарс қолдиришлари бор масала. Кадрлар билан боғлиқ масала ҳам ечимга муҳтож. Аммо, жамоа билан секин-аста бу муаммоларни бартараф этамиз. Сизга мурожаат қилган ўқитувчилар ҳам “оппоқ” эмас. Уларнинг ўзлари ҳам дарс қолдиришади. Мактабимиз кичкина, шу боисдан ўқувчиларни “Оқтўнли” касб-хунар коллежига бир муддат ўқитишга уриниб кўрдик. Аммо, масофа узоқ, болалар дарсга ҳам, уйга ҳам қатнашга кеч қолишди. Шу сабабли ҳам ота-оналарнинг талаби билан яна эски услубга қайтдик. Маҳалла профилактика инспектори билан хамкорликда дарсга қатнашмайдиган ва четга чиқиб кетган ўқувчиларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Фақат сиздан илтимос, ҳеч кимнинг ёнини олмасдан ҳақиқатни ёзинг.

СИФАТСИЗ, АММО “СОН”ЛИ ТАЪЛИМ

Сўнгги маълумотларга қараганда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида жами 187 та умумий ўрта таълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилган. Аслида ҳудуднинг катталиги инобатга олиниб йил сайин мактаблар сонининг ортиши қувонарли ҳол албатта, аммо сон билан бирга таълим сифати ва йиллар давомида соҳада йўл қўйилган баъзи бир камчиликлар ҳам бартараф этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чироқчи туман ХТБ билан боғлиқ танқидий мақола биринчи марта ёзилаётгани йўқ. Ва энг ачинарлиси, айнан Чироқчи “таълими” бугун ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Лекин, шу кунга қадар на туман ХТБ, на Қашқадарё вилоят ХТБ ва Республика Халқ таълими вазирлиги бу мавзуларга тайинли бирор-бир изоҳ бера олгани йўқ. Мавзуларнинг нақадар долзарб ва кескинлиги ҳам мутасаддиларга жиддий таъсир қилмаётгани таълим сифатининг анча пастлиги ва фақатгина “сон” борасида “ютуқ”қа эришаётган Чироқчи таълимининг “бетимнинг қалинлиги, жонимнинг ҳузури” қабилида “гуллаб-яшнашига” туртки бўлаётган бўлса ажабмас.

Муқаддас ИСМОИЛОВА

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here