«Миллий тикланиш» катта гапиряпти. Қашқадарёдаги тарихий сардоба эса хавф остида қолмоқда

311

Қашқадарё вилояти Касби туманидаги “Қамаши” қишлоғида жойлашган Сардоба бугунги кунда қаровсиз ва айрим қисмлари таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Бунинг устига Сардоба муҳофаза ҳудудида тадбиркорлар томонидан ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилган.
Қишлоқнинг қадимий тарихини ўзида акс эттирувчи бу  объектга хеч ким эътибор қаратмаяпти. “Nasafnews” фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида сардоба жойлашган ҳудудга борди.
Қамаши қишлоғига кираверишда шундоққина йўл четида жойлашган сардоба атрофи ёғочлар билан ўраб ташланган. Атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳудуди боғга айлантирилган. Лекин сардоба деворларига ҳар хил сўзлар ёзиб ташланган, деворларнинг маълум қисмлари ўпирилиб кўримсиз ҳолга келган.
-Асосий муаммо сардобанинг эски эканлигида эмас, балки унинг муҳофаза ҳудуди аста-секинлик билан аҳоли томонидан эгаллаб олинаётганида ,- дейди Эргаш Жалилов. – 2005 йилдан бери шу сардобани ободонлаштириб келаман. Чунки бу ёдгорлик қишлоғимизнинг тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Аммо ҳамқишлоғимиз Муродилла Эшонқулов сардоба ҳудудида қурилиш қилди. Бунга бошида қаршилик кўрсатдик, тушунтирдик. Лекин бизнинг айтганимизни хеч ким инобатга олмади.
-Одамларни эътирозларини инобатга олиб, вилоят Маданий мерос бошқармасига хат юбордик,- дейди маҳалла раиси Сардор Нуралиев.
-Бошқарманинг хулосасига кўра, тадбиркор қурган қурилиш сардобага зарар етказмайди дейилади. Шундан сўнг, уларнинг айтгани тўғри бўлса керакда деб қишлоқ оқсоқолларига тушунтирдим. Барибир сардоба ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилганига кўпчилик қаршилик кўрсатмоқда.
Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур сардоба 19 асрда Эшқулбой ҳожи томонидан Бухоро амирлигидан рухсат олиб қурилган ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаб келган.
Қишлоқ оқсоқолларидан бирининг сўзига кўра, аҳоли 1975 йилгача сардобадан сув тошиб истеъмол қилган.
Сардоба ҳақида маълумотлар жуда кам учрайди. Шунга қарамай ҳозирги кунда мазкур тарихий объект давлат муҳофазасига олинган. Муҳофазага олингани-ку майли, лекин бу муҳофаза мустаҳкам эмас.
Касби туман ҳокимлигининг 2016 йил 29 апрелда чиқарган хатида фуқаро Эшқулов Муродилла томонидан ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан бино пойдевори ва автомойка қургани аниқлангани ёзилади ва бу бўйича судга даъво аризаси киритилгани айтилади.
Кейинги воқеалар бизга қоронғу.
Мурожаатчиларнинг қўшимча қилишича, сўнгги бор 2015 йил март ойида собиқ вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва собиқ туман ҳокими сардобанинг ҳолатини келиб ўрганиб кетган ва таъмирлаш ишлари олиб бориш, атрофида муҳофаза деворлари қуришга ваъда берган. Аммо орадан 4 йил ўтди, юқорида айтилган ишларнинг ҳеч бири бажарилмаган.

Шу ўринда мурожаатчиларни тинглаб яна бир савол туғилади.
Маданий мерос Департаменти Қашқадарё вилоят Маданий мерос бошқармаси нега ёдгорлик ҳудудида ноқонуний қурилишлар бўлганига кўз юмган ва бу сардобага хеч қандай зарар келтирмаслиги ҳақида хулоса берган?
Демак, давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлар ҳудудида ҳар ким ҳар қандай объектларни қуриши мумкин эканда?
Мазкур масала бўйича Маданий мерос Департаменти Қашқадарё вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Халилов билан боғландик:

-Қандай хулоса берганим ҳозир эсимда йўқ, аниқ бир гап айтолмайман. Лекин тадбиркорларга қурилиш ишларини ноқонуний қилингани ҳақида огоҳлантириш берганмиз.

Энди ҳамма гап тарихни асраб қолиш, маданий объектларни қайта тиклаш ҳақида бонг ураётган «Миллий тикланиш»га бориб тақалади. «Миллий тикланиш» демократик партиясининг юқорида айтиб ўтилган муаммолардан хабари бор эканми? Улар бундай ёдгорликларни сақлаб қолиш учун нима иш қила олади?
Сайлов яқин. Сайловдан кейин ”ундай қиламиз, бундай қиламиз” дегандан кўра сайловдан олдин ўзингизни кўрсатинг, шунда одамлар озгина бўлса ҳам партияларга ишонган бўлар эдими?
“Nasafnews” партиянинг вилоят кенгашидан эмас марказий кенгашидан бу борада тайинли ва аниқ изоҳ кутади. Чунки вилоят кенгашларидан бундай муаммолар бўйича бир садо чиқиши амримаҳол…

Дилшод Набиев тайёрлади.

2 Izohlar

  1. Axir Sardoba joyida nima uchun Tadbirkorni nohaq ayblashyapti.Muhtaram Prizidentimiz Sh.Mirziyoyev aytganlaridek: ,,Tadbirkor elga madatkor ».Tadbirkorni ayblash kerak emas. Xalqqa foydasi tegyapti.Bu haqda noto’g’ri malumot berishgan.Bu masalana adolatli hal qilshlarizni so’rab qolaman.

  2. Axir Sardoba joyida nima uchun Tadbirkorni nohaq ayblashyapti.Muhtaram Prizidentimiz Sh.Mirziyoyev aytganlaridek: ,,Tadbirkor elga madatkor ».Tadbirkorni ayblash kerak emas. Xalqqa foydasi tegyapti.Bu masalana adolatli hal qilshlarizni so’rab qolaman.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here