“Насаф” футбол клубини нега “аждарлар” дейишади?

192

Ўзингизга маълум, одатда футбол клубларининг расмий номидан ташқари лақаблари ҳам бўлади. Бу лақаб тасвири ҳатто клубнинг тимсоли (логотипи)да ҳам акс эттирилади.
Хўш, Қашқадарё вилоятининг асосий жамоаси ҳисобланган “Насаф”ни нега “аждарлар” дейишади?
Биз бу ҳақда маълумот олиш учун, кўп йиллар “Насаф” футбол клубининг мухлисларига етакчилик қилган Ўктам Узоқовга мурожаат қилдик. Ўктам Узоқовни кўпчилик “Жонсон” лақаби орқали ҳам билишади.

-Эслашимча, 2008 йилнинг охирлари яъни декабр ойи эди. “Насаф” клубимизга таниқли футбол мутахасиси, вилоятимиз футбол клубларида салмоқли меҳнат қилган Баҳром Давлатов раҳбар бўлиб келди. Шу муносабат билан ҳозирги “Ҳафизахоним” тўйхонасида мухлислар ва клуб раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди. Учрашув самимий суҳбат ва очиқ мулоқот тарзда бўлди. Ушбу учрашувга ўша пайтдаги вилоятимиз ҳокими, воҳамиз футболини ривожланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган ва меҳрини берган, раҳматлик Нуриддин ака Зайниев ҳам ташриф буюрдилар. Суҳбат қизигандан қизиди. Нуриддин ака футбол мухлислари билан гаплашганда ўзимизга ўхшаган оддий футбол ишқибозига айланар эдилар.
Эсимда бор, учрашувда “Насаф”га рамзий тимсол танлашни айтиб қолдилар. Ва  Қарши-Косон йўли ёқасидаги Ерқўрғон тарихий ёдгорлигидан эски танга топилгани ва бу тангада аждар тасвири борлигини, севимли клубимиз номи тарихий Насаф номи билан аталиши ва унинг тимсоли ҳам тарихдан келиб чиқиб танланиши ҳақида таклиф билдирдилар. Бу таклиф ҳаммага маъқул бўлди.

Тимсолни танлаш бўйича мамлакат миқиёсида танлов эълон қилинди ва ғолибга мукофот ҳам ваъда қилинди. Исми-шаърифи ҳозир ёдимда йўқ, танловда ён қўшнимиз – самарқандлик мухлис ғолиб деб топилди ва унинг чизган тимсоли қабул қилинди, ўз ўрнида ушбу муаллиф ваъда қилинган мукофотга ҳам эга бўлди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here