Осиё чемпионати-U23. Ўзбекистон Жанубий Кореяга ютқазди, аммо …

262
Таиландда Осиё чемпионати-U23 баҳслари давом этмоқда. «С» гуруҳида 3-тур доирасида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушган Ўзбекистон 1:2 ҳисобида ютқазди, аммо чорак финалга чиқди.

Ўйиннинг 6-дақиқасида ҳисоб очилди. Жанубий Кореянинг 16-рақамдаги вакили Жун Сун Вон ўзбекистонлик ҳимоячи ўзига ташлаб берган тўпга жарима майдончасига кирмай туриб зарба берди ва тўп унинг жамоадоши О Се Хунга тегиб дарвоза тўридан жой олди.

21-дақиқада ҳисоб тенглашди. Ўнг қанотдан Азиз Ғаниевнинг узатмасини Бобур Абдухолиқов бош голга айлантирди — 1:1.

Иккинчи бўлимни ҳам Ўзбекистон вакиллари кетма-кет ҳужумлар билан бошлашди. 49-дақиқада Жасур Яхшибоев жарима майдонига кирмай зарба бериш учун жуда қулай имкониятга эга бўлди, аммо унинг зарбаси дарвоза тўсини ёнидан ўтиб кетди. 51-дақиқада корейслар 30 метрлар узоқликдан жарима зарбаси тепишди. Биринчи зарба «жонли девор»га теккан бўлса, иккинчи хавфли зарба ноаниқ бўлди.

72-дақиқада корейслар яна олдинга чиқиб олишди. Биринчи гол муллифи О Се Хун бу гал жарима майдончасига кирмай чиройли гол урди – 2:1.

80-дақиқада Жанубий Корея ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди. Жон Ву Йон икки марта кетма-кет зарба йўллади ва ҳар сафар ҳимоячилар тўпни зўрға қайтариб қолишди. Ўйин охиригача жанубий кореяликлар устунликни сақлаб қолишди ва гуруҳда 9 очко билан биринчи ўринни банд этишди.

Друлович шогирдлари ҳам мағлубиятга қарамай гуруҳда 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқди. Чунки 3-тур доирасида параллел кечган Хитой-Эрон учрашувида эронликлар керакли натижага эриша олишмади. Эрон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсада, тўплар нисбати ёмонроқлиги туфайли учинчи ўринда қолди.

Энди Ўзбекистон кейинги босқичда D гуруҳининг биринчи ўрин вакили билан куч синашади. Айни вақтда бу гуруҳда  БАА ва Иорданияда 4тадан очко бор, учинчи ўриндаги Вьетнам 2 очкога эга.

16 январь куни учинчи турда Иордания БАА билан, Вьетнам Шимолий Корея билан ўйнайди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here