Йўлми бу, кўлми бу? «Обод маҳалла»дан қолиб кетган барбод кўча ҳақида (Фото)

614

“Nasafnews”нинг телеграмм манзилига Қарши шаҳар «Қарлиқбағот» маҳалласининг Учрабод кўчасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат мазмуни ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги ҳақида. Яна шу мавзуми деб хуноб бўлишингиз табиий, аммо бу ерда яшовчи аҳолининг вазияти бошқаларникидан аянчлироқ, десак муболаға эмас.
-Маҳалламиз “Обод маҳалла” дастурига тушган эди. Йўлларни таъмирлаш ишлари бошланди, бироқ негадир дастур асосида бизнинг кўчамиз таъмирланмади,- дейди мурожаат эгаси Бобур Сулаймонов.
Айни кунларда  кўчадан автомобилда ҳаракатланиш ёки пиёда юриб ўтишнинг асло иложи йўқ. Чунки лойга ботиб қолиш эҳтимоли катта. Шаҳар марказида жойлашган йўлнинг аҳволи шу бўлгандан кейин биз қаерга борайлик, кимга мурожаат этайлик? Ҳеч ким бу масала билан қизиқмаяпти.
Маълум бўлишича, Учрабод кўчасининг бундай ҳолатга келиб қолишига асосий сабаб ён атрофда қурилиш ишлари олиб борилгани экан. Мурожаатчининг сўзларига қараганда кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши 5 йилдан бери якунига етмаган.
-Ҳар хил юк ташувчи машиналар келиб тупроқ тўкади, йўлни текислайман деб қумга тўлдиради. Охирида на йўл текис бўлади, на тупроқ ишлатилади. Ёғингарчилик бўлгандан кейин бу тупроқлар лойга айланади.Уйингиздан кўчага чиқсангиз лойга ботасиз,-дейди фуқаро Бобур Сулаймонов.

“Nasafnews” мухбири Учрабод кўчаси нега “Обод маҳалла” дастури асосида таъмирланмаганлиги сабаби билан қизиқиб, “Қарлиқбағот” маҳалласи раиси Зариф Саидов билан боғланди.

-Бу кўча “Обод маҳалла” дастурига тушмаган.Чунки кўчада 20 та уй-жойлар бузилиб ўрнига кўп қаватли турар-жойлар қурилиши белгиланган эди. Кўп қаватли уй-жойларни қурувчи ташкилот мутасаддилари йўлни ҳам асфальт қилиши керак эди. Лекин ҳозирда қурилиш тўхтаб қолган.
Кўчада 5 ёки 6 та хонадон ҳозир сиз айтган лой йўлдан юришга мажбур бўлаяпти. Маҳаллий ҳокимиятга айтсак, 2020 йилда ички йўллар таъмирлашга киритилса, муаммо ечилиши мумкин,- дейди маҳалла раиси Зариф Саидов.

Республикамиз бўйича ички йўлларнинг таъмирталаб эканлиги долзарб муаммо саналади. Ечими йўқ экан, таъмирлаш ишлари осон эмас деб қўл қовуштириб турилса, одамлар шаҳар марказида ҳам лой кечиб юраверади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here