“Бузадиган бўлса, бузсин” Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйнинг аҳолиси мутасаддиларни бепарволикда айбламоқда

852
Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги “Амир Темур” маҳалласада жойлашган 1,2-кўп қаватли уй-жойларда истиқомат қилувчи аҳоли “Nasafnews”га мурожаат қилиб, 5 йилдан бери уй-жой билан боғлиқ муаммо ҳал бўлмаётганидан шикоят қилди.
Маълум бўлишича, ҳеч бир мутасадди вакиллар фуқароларнинг муаммосини ечишга уриниб кўрмаган. Шу туфайли икки қаватли хонадонлар янги қурилган замонавий 5 қаватли уйларнинг соясида қолиб кетган. Бу ҳам етмагандек, таъмирталаб ва кўримсиз ҳолга келиб қолган уйлар ҳар ёмғир ёғса кўлмакка айланади. Деворлар заҳ босиб, моғорлаб кетади.
– Ширкатимиз раиси юрак касал бўлиб ётибди, уйидан чиқмайди ҳам бизлар билан гаплашмайди ҳам,- дейди Ойгул Бозорова. Мана неча йиллардан бери уйингиз бузилади, ўрнига янги уй-жойлар қурилади ва сизларга ҳам хонадонлар ажратилади деб ваъда беришади. Лекин бу ваъдалар бажарилгани йўқ. Бузадиган бўлса, бузсин. Чунки биз аросатда қолдик. Хонадонларимизни таъмирлай олмаяпмиз, таъмирлаймиз десак ҳаражат қилманглар, барибир бу уй-жойлар бузилади деб айтишади.
Ойгул Бозорова
1956 йилда қурилган мазкур уй-жой ўтган вақт давомида тўлиқ таъмирланмаган, ҳаттоки том қисмига шифер ҳам ўрнатилмаган. Шу туфайли ҳар ёмғир ёғганда хонадонларда чакки ўтиб, одамларга зарар келтирмоқда.
-Уйимизни яқиндагина замонавий усулда таъмирлаган эдик,- дейди 10 хонадонда истиқомат қилувчи Руслан Гузаров. Лекин ёмғир ёғиб, томимиздан чакки ўтиб кетди. Уй жиҳозларимизга анчагина зарар ҳам етди. Бу ҳам етмагандек, бизда канализация тизими яхши ишламайди. Айрим хонадонларга сув чиқмайди, баъзи хонадонларда электр токи тинимсиз ўчиб қолади.
Руслан Гузаров
Кўп қаватли уйнинг хонадонларини бирма-бир ўрганиб чиқар эканмиз, ҳақиқатдан деворлари заҳ босиб, ер тўлалар сувга тўлиб қолаётганини гувоҳи бўлдик. Бу ҳам етмагандек, айрим хонадонлар яшаш учун хавфли кўринишда келиб қолган. Мисол учун Марям Рўзиева ўз хонадонини ташлаб бошқа жойда ижарага уй олишга мажбур бўлган.
– Мунтазам равишда уйимни сув босди,- дейди 21 хонадонда истиқомат қилган Марям Рўзиева. Ширкат раиси 9 йил ишлаган бўлса, бирор марта уйимнинг том қисмини таъмирлагани йўқ. Ўзим уйнинг ичини катта маблағ эвазига таъмирладим, лекин пулимга куйдим. Чунки устимизга сув босиб келаверди. 2012 йилда ҳокимлик томонидан капитал таъмирлаш ишлари олиб борилсин деб қарор чиқарилди. Маблағ ажратилди, лекин томнинг усти очиқ қолаверди.
Фуқароларнинг айтишича, уйнинг атрофида чиқиндихона қурилмаган, мавжуд чиқинди контейнерлари хонадонларга яқин жойлашган бўлиб, афсуски чиқиндиларни пули тўланган бўлса ҳам ўз вақтида олиб кетилмайди.
Кўп қаватли уйда 22 та хонадон истиқомат қилади. Хонадон эгаларининг айримлари юқорида айтганимиздек ўз уйини ташлаб бошқа жойга ижарада яшамоқда.
– Наврўзгача янги уйга  кўчасиз деб айтишди,- дейди Райҳона Тошматова. Лекин ҳали уйимизнинг олдида қурилаётган бу уйнинг пойдевори тўлиқ қўйилмади. Атрофини ҳудди қурилиш бўлаётгандек ўраб қўйишди.Ҳаловатимиз йўқолган, хонадонларимизда ҳар куни муаммо. Уста чақирамиз, тўғирлаймиз, яна бузилади, бир кун ток ёниб кетади, бир кун эскирган канализация қувурлари тўлиб қолади. Хуллас, ҳокимликка ҳам қурувчиларга ҳам ишончимиз қолмади.
Кўп қаватли уй бузилишдан кўра бузилмагани аҳолининг ташвишига сабаб бўлмоқда. Бузилса, конпенсация пуллари тўлаб берилса, бундай муаммоларга ечим топилган бўлар эди.
Яна бир қизиқ жиҳати шуки, эски уйнинг олдида замонавий уйни қурган қурувчилар хавфсизлик нормаларига риоя ҳам этмаган. Риоя этганида сиз суратда кўриб турганингиздек икки хонадон бир-бирига бунчалик даражада яқин жойлашмас эди.
Хуллас, санасак уйнинг муаммоси кўп. Аҳолининг шикоятлари борасида маҳаллла ва ширкат нима дейди?
– Муаммодан хабарим бор,- дейди “Амир Темур” маҳалласи раиси Жамила Хидирова. Ҳар доим мутасаддиларга айтганмиз, ҳокимиятни қурилиш бўлимига мурожаат қилганмиз. Лекин натижа бўлмаяпти.
Янги уй-жойнинг қурилиш ишлари қиш фасли бўлганлиги учун қилинмаётган бўлиши ҳам мумкин. Балки май ойларида қурилиш ишлари яна давом этар.
Маҳалла раисининг фикрини тингладик, аммо фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ширкат билан боғланишнинг иложи бўлмади. Қарши шаҳар ҳокими қурилиш бўйича ўринбосарининг бўлим мутахассиси ҳозирда бу муаммо бўйича аниқ маълумот беролмаслигини айтиб, кейинроқ батафсил хабар қилишини қўшимча қилиб ўтди.
“Nasafnews” мақолада тилга олинган ҳолатлар юзасидан мутасаддилардан тайинли изоҳ кутади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here