Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Шаҳрисабзда "Openbudjet" лойиҳаси доирасида асфальт қилиниши керак бўлган йўлда ишлар чала ташлаб кетилди

Шаҳрисабзда "Openbudjet" лойиҳаси доирасида асфальт қилиниши керак бўлган йўлда ишлар чала ташлаб кетилди

29 сен 2022
2 324
ТАҲЛИЛИЙ / ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ / ТАНЛОВ

Шаҳрисабз тумани "Ҳисор" МФЙ Хуммон қишлоғи ички хўжалик йўлини асфальтлаштириш ишлари бажарилмади.

Мазкур қишлоқ аҳли "Nasafnews"га мурожаат қилиб,  "Openbudjet"  лойиҳаси орқали жамоатчилик фикри, фуқароларнинг ташаббуси билан қишлоқ ички хўжалик йўлининг 1,98 км узунликдаги масофасига асфальт ётқизиш ишлари учун 800  млн сўмга яқин маблағни ютиб олишганини, аммо орадан 3 ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, ишлар бажарилмаганини айтмоқда.

Фуқаролардан бирининг эътирозига кўра, Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги жамоатчиликни чалғитиб, бу қишлоқнинг йўллари асфальт бўлгани ҳақида ҳокимлик расмий саҳифаси орқали ёлғон маълумот тарқатган.

Ҳокимлик хабарида эълон қилинган асфальт йўллар Ҳуммон қишлоғининг йўллари ҳисобланмайди.

"Nasafnews" мухбири бу эътирозлар юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳалимов телеграм каналда эълон қилинган суратлар маҳалла раиси томонидан олинганини ва маҳалла раиси унга нотўғри маълумот берганини айтди.

Ҳокимлик томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, шаклланган маблағ ҳисобига таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳа-смета асосида пудратчи ташкилотни аниқлаш мақсадида онлайн тартибда ўтказилган танловда, “БРК Гулистон” МЧЖ 738 млн сўмга бажариб бериш таклифи билан ғолиб топилган. Ғолиб ташкилот билан Ободонлаштириш бошқармаси ўртасида шартнома тузилган.

Шартномага асосан, пудратчи ташкилотга 30 фоиз, 221,3 млн сўм миқдорида аванс маблағи ўтказиб берилган. Бугунги кунда пудратчи ташкилот томонидан 1,98 км узунликдаги масофасига йўлнинг асоси учун 240 млн сўмлик шағал ётқизиш ишлари амалга оширилган. Пудратчи “БРК Гулистон” МЧЖ раҳбари асфальт ётқизиш ишларини жорий йилнинг 10 октябрь санасигача тугаллаб бериши тўғрисида огоҳлантирилди.

"Openbudjet"  доирасида асфальт бўлмай қолган ушбу қишлоқ йўли 10 октябргача асфальт қилинади деган умиддамиз. "Nasafnews" воқеалар ривожини кузатиб боради. 
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: