"Пичоқ юрагига санчилган". Нишонда 32 ёшли эркак 26 ёшли йигитни ўлдирди
Куни кеча Нишон туманидаги «Каптарли» МФЙда ўтказилган никоҳ тўйида жанжал юзага келгани, оқибатда куёвнинг жўраси пичоқлангани ҳақида хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан «Nasafnews» мухбири янги маълумотларни тўплади.
Аниқ бўлишича, воқеа 24 июль куни содир бўлган. Жиянининг никоҳ тўйига келган Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида яшовчи Х.Э. ярим тунда торт кесиш тадбирида шу маҳаллада яшовчи кўёвнинг жўраси Х.Ж. билан жанжаллашиб қолади. Жанжал оқибати эса аянчли якун топади. 1990 йилда туғилган Қизириқ туманида яшовчи Х.Э. 1996 йилда туғилган Х.Ж.нинг чап кўкрак қисмига пичоқ санчиб, тан жароҳати етказган.
Воқеа гувоҳчиларидан бирининг айтишича, пичоқ марҳум йигитнинг юрагига санчилган. Оғир аҳволга тушган йигит Нишон тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Шифокорларнинг айтишича, унинг аҳволи оғир ҳолатда бўлгани учун ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.