» » Қарши шаҳрида UzAuto Motors IPO тақдимоти ўтказилди

Қарши шаҳрида UzAuto Motors IPO тақдимоти ўтказилди

24 ноя 2022
1 112
РЕПОРТАЖ / МАҲАЛЛИЙ

"UzAuto Motors" АЖ жисмоний ва юридик шахслар сотиб олиши учун ўз  акцияларини оммавий таклиф қилмоқда. Маълумки, "UzAuto Motors" АЖ МДҲдаги автомобиль ишлаб чиқарувчи энг йирик компания бўлиб, ҳозирда йилига 360 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ҳақда куни кеча Қарши шаҳрида ўтказилган тақдимот маросимида маълум қилинди.

Қарши шаҳрида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вакиллари, "UzAuto Motors" АЖ ходимлари ва  "Freedom Broker" компанияси масъуллари иштирок этиб, тақдимотда "UzAuto Motors" АЖ хақида ва унинг акцияларини қандай тартибда сотиб олиш ҳақида маълумот бердилар.

Айтиш жоизки, яқинда "Freedom Broker" компанияси  "UzAuto Motors" АЖ акцияларини бирламчи жойлаштириш (IPO)нинг андеррайтери сифатида танланди.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор ва фармонига асосан Ўзбекистоннинг йирик давлат компаниялари акцияларини IPO орқали республика ва жаҳон фонд биржаларида жойлаштириш бўйича ҳозирда ишлар бошланган. Ушбу ишлар доирасида  "UzAuto Motors" АЖнинг 5 фоизгача бўлган акциялари Республика фонд биржасида жойлаштириш юзасидан амалий ишларимиз давом этмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг турли вилоятларида тақдимот тадбирларини ўтказиш орқали тадбиркорлар ва инвесторларга компания фаолияти ва стратегик режалари ҳамда акцияларни сотиб олиш бўйича керакли маълумотларни бериб келмоқдамиз",- дейди "UzAuto Motors" АЖ вакили Азизбек Абрахматов.

Тақдимотда айтилишича, "Freedom Broker" Ўзбекистонда 2018 йилдан фаолият юритиб келмоқда. Ва жамоа 2018 йилдан бошлаб “Қўқон механика заводи” АЖ ва “Кварц” АЖ акцияларининг SPO'си, махаллий бозорда биринчи индексланган хусусий қурилиш компаниясининг облигацияларини ҳамда  "Uzmetkombinat" АЖ корпоратив облигацияларини ва бошқа бир қатор корхоналарнинг қимматли қоғозларини жойлаштирилиши орқали ушбу даврда ўз малакаси ва профессионаллигини исботлаган.

"UzAuto Motors АЖ акциялари биринчи босқичида 5 фоизгача жорий йилнинг якунигача Тошкент фонд биржасига чиқарилади. Ундан кейинги босқичда эса жаҳон капитал бозорига чиқариш режалаштирилган.  Акцияларни сотиб олмоқчи бўлганлар "Tracker" русумли автомашинасини ютиб олиш имкониятига эга бўладилар. Бунинг учун акцияларни сотиб олувчилар 10 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда ариза топшириб, автомобилни ютиб олишлари ҳам мумкин", - дейди "Freedom Broker" бош директори Бахтиёр Бабаев.

Тадқимотда иштирок этган тадбиркор ва инвесторлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан спикерлардан жавоб олдилар.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: