Миришор тумани ҳокимлиги мажлислар залида Миришкор тумани прокурори — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши раиси Сардор Назаров раҳбарлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги 6 ойлик фаолият танқидий муҳокама қилинган.
Дастлаб, туман прокурори тадбирни очиб, ўз марузасида 2023 йилнинг 6 ойида қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида жами 61 та текшириш ва таҳлиллар ўтказилиб, бу жараёнлар давомида жами қонунбузилишлар юзасидан — 589 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, қўпол қонунбузилишлари юзасидан 17 та жиноят иши қўзғатилган ва судларга 698 млн. 264 минг сўмлик 117 та аризалар киритилиб, жами 675 млн. 48 минг сўмлик зарарлар ихтиёрий ундирилиши, 495 нафар шахс, шундан 84 нафар юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришилганини маълум қилган.
Прокурор банк кредитлари билан боғлиқ жиноятларга тўхталиб, қонун устувор, жазо муқаррар эканлигига алоҳида урғу берган. “Тумандаги банк ходимлари, таъминотчи ва кредит олувчилар томонидан 2 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағлари талон-тарож қилиб юборилган. Аниқланган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, маблағлар тўлиқ ундирилган. Айбдорларга нисбатан жазо муқаррар эканлиги таъминланган”, – Сардор Назаров.