Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қашқадарёда 74,1 млн долларлик станция ишга тушди. У кунига 1,5 млн м3 газ босимини кўтариб беради

Қашқадарёда 74,1 млн долларлик станция ишга тушди. У кунига 1,5 млн м3 газ босимини кўтариб беради

18 дек 2023
530
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Бугун янги барпо этилган Сиқув компрессор станциясига "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан пресс-тур ташкил этилди. Янги иш бошлаган станция фаолияти билан оммавий ахборот воситалари вакиллари таништирилди.

Углеводород қазиб олиш ҳажмларини барқарор сақлаб туриш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Жанубий Тандирча” конида янги сиқув компрессор станцияси фойдаланишга топширилди. 

Маълум бўлишича, кондаги табиий газ захираларини чуқур ўзлаштиришни таъминлашга қаратилган, ушбу лойиҳа бош пудратчи – “Enter Engineering” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Объектнинг лойиҳавий қиймати 74,1 миллион АҚШ долларини, йиллик қуввати 1,0 миллион куб метр табиий газни (5,9 МВт) ташкил этади. 

"Жанубий Тандирча" конини ўзлаштириш 2001 йилда бошланган бўлиб ҳозирга қадар кондан қазиб олинаётган табиий газ қатлам энергиясидан фойдаланилган ҳолда қарийб 40 км узоқликда "Шўртан" конида жойлашган газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига ва ундан "Шўртан" сиқув компрессор станцияси 1,2- навбатлари орқали Шўртан Бош иншоатига етказиб берилган.

Йиллар давомида конни ишлатиш давомида табиий газ қазиб чиқаришнинг камайиши ва қатлам босимининг табиий тушиши шароитида қазиб олинаётган газни барқарор етказиб бериш мақсадида конда сиқув компрессор станцияси қуриш технологик ечими ишлаб чиқилди. Станциянинг асосий вазифаси “Жанубий Тандирча” конида қазиб олинаётган газни 40 км масофадаги "Шўртан" базавий компрессор станцияларига босимини ошириб етказиб бериш ҳамда кондаги мавжуд углеводород захираларини максимал даражада ўзлаштиришдан иборат. 

Станция лойиҳасида АҚШнинг "Cooper Machinery Services" компаниясининг "Superior WH74" русумли газ поршенли компрессорлари ва "Superior 16SGTD" русумли двигателлари қўлланилган.

Шунингдек, Австриянинг “Jenbacher” компаниясининг 6 та газ поршенли электростанциялар ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳар бири соатига 800 кВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Лойиҳани амалга оширишда Россия Федерацияси, Хитой ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган технологик ускуналар ва аппаратлардан фойдаланилган.

Станциядаги агрегатлар 2023 йил декабрь ойида ишга туширилди. Газ ҳайдаш агрегатининг ҳар бири кунига 1,5 млн метр куб табиий газни босимини кўтариб бериш қувватига эга. Лойиҳавий ечимга асосан 2 та агрегатлар ишчи ва 1 та агрегат захира режимида ишлайди.

Тадбирда журналистларга ушбу станциянинг кондаги қатлам босимининг табиий тушиши шароитида углеводородлар қазиб чиқариш кўрсаткичларини барқарор таъминлашдаги аҳамияти тушунтириб берилди.  

Шунингдек, кондаги мавжуд газ захираларини максимал даражада ўзлаштириш ва қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газни кейинги босқич технологик қурилмаларига узлуксиз етказиб бериш босқичлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этиш жоизки, шу пайтга қадар конга қарашли 40 та қудуқдан кунига 1,8 млн куб метр газ қазиб олинаётган бўлса, станция ишга туширилгандан сўнг бу кўрсаткич кунлик 2,3 млн куб метрни ташкил қилмоқда.

Станцияда айни пайтда 63 нафар мухандис техник, ишчи ходимлар хизмат қилмокда.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: