Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси раҳбарининг шахсий фикри унга жазо берилишига сабаб бўлди
Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси раҳбарининг шахсий фикри унга жазо берилишига сабаб бўлди
03 июл 2024
4 250
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Салоҳиддин Нуриевнинг матбуот анжуманида "Халқни мулки, халқни пули деган нарса бўлди, давлат бюджетига ўтдими, давлат пулига айланади", дея янграган сўзлари ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Адлия вазирлиги ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказиб, бошқарма бошлиғига қандай чора кўрилганини очиқлади.
Адлия вазирлиги ўрганиш давомида аниқланишича, матбуот анжуманининг савол-жавоб қисмида блогер Азиз Яздурдиев томонидан давлат хизматчилари ўз хизмат фаолияти давомида ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслиги бўйича савол берилган. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ушбу саволга жавоб беришда “давлат хизматчиларини ижтимоий тармоқда муҳокама қилиш нотўғри” деган фикрни келтириб ўтган. Шунингдек, савол-жавоб асносида “халқ пули” ва “давлат пули” каби тушунчалар ҳақида фикрларини айтган.
Бунда С. Нуриев “халқ пули” деган тушунчани қонунчилик термини нуқтаи назаридан баён этганлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, С. Нуриев қонунчиликда тақиқланмаган бўлса-да, “давлат хизматчиларини муҳокама қилиш нотўғри” деган фикрни ҳам келтириб ўтгани тасдиқланди. С. Нуриев ўз тушунтиришида мазкур фикрни Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларидан келиб чиқиб баён этганини билдирди.
Ўрганиш якунлари бошқарма бошлиғи юқоридаги фикрларини жамоатчиликка етказишда қонунчиликка таянмаганини, асосли ва таҳлилий ёндашмагани, айрим ўринларда шахсий қарашларидан келиб чиқиб тушунтириш берганлигини кўрсатди.
Шу билан биргаликда вилоят адлия бошқармаси мазкур матбуот анжуманидаги видеопарча тарқаб кетгандан кейин баёнот бермасдан, натижада жамоатчилик муносабатини ўзгартириш, уни юмшатиш чораларини кўришда сусткашликка йўл қўйган.
Шу билан биргаликда, матбуот анжуманини ўтказишда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этиш бўйича кўрсатмаларига зид равишда тадбир етарли тайёргарлик кўрилмасдан ташкил қилинган, регламент бузилган, тадбир модератсия қилинмаган, унинг тўлиқ ёзиб олишнинг техник чоралари кўрилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи С. Нуриевга нисбатан меҳнат қонунчилигига мувофиқ ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди. Шунингдек, адлия тизимида бундай хатоликлар такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.