Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Туркияда 4 йил давомида тутқунликда сақлаб келинган қашқадарёлик аёл қутқарилди
Туркияда 4 йил давомида тутқунликда сақлаб келинган қашқадарёлик аёл қутқарилди
29 авг 2024
1 500
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Бош консулхонага Ташқи ишлар вазирлиги орқали Қарши шаҳридан 21 ёшли фуқаро ўз онасининг Истанбулга 4 йил олдин кетгани, 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, онасини топиш ва ватанга қайтаришда ёрдам сўраган мурожаати келиб тушган. Бу ҳақда Истанбул Бош консулхонаси хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, олиб борилган текширишлар натижасида, 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эканлиги, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилганлиги аниқланган.
"Жорий йилнинг 27 август куни Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, “Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилди. Натижада, ватандошимизнинг ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилди", дейилади расмий хабарда.
Қўшимча қилинишича, Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлаганлиги учун М.Г.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ватандошимиз Х.Д.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.