Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Китоб тумани ҳокими деҳқонни зор қақшатмоқда

Китоб тумани ҳокими деҳқонни зор қақшатмоқда

21 апр 2022
4 232
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Китоб туман ҳокимининг 2014 йил 27 августдаги Х-1221/8-сон қарори билан Китоб тумани Қўшдарё МФЙ Дониёршайх қишлоғида чорвачиликка ихтисослаштирилган “Шамс нур саховати” фермер хўжалигига 30,2 гектар лалми ер майдони ажратилган.

Хўжалик чорва моллари сони кўпайганлиги боис чорвани сақлаш учун молхона қуриш ҳамда яйлов учун ер ажратиш юзасидан 2016 - 2020 йиллар давомида бир неча марта туман ҳокимлигига ёзма мурожаатлар қилади.

 
Бироқ, юборилган мурожаатларга шу қишлоқда жойлашган 8қ контурдаги лалми ер майдони танловга қўйилса, амалдаги тартиб бўйича иштирок этиб, олиш мумкин деган мазмунда жавоб хатлари берилади.

Қайта-қайта қилинган мурожаатлардан сўнг  “Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом”(19.11.2005 йил, рўйхат рақами 1523) асосида “Шамс нур саховати” фермер хўжалиги танловга қўйилган 14 га ер майдони учун (қолган 16 га ер майдони бошқа мақсадлар сабабли танловга қўйилмаган) ариза топшириб, комиссия қарори билан ғолиб деб топилади. 

Дастлаб туман ҳокими танлов натижасини тан олмасдан, қарорни имзолашни рад этади.
Бир неча бор мурожаатлардан сўнг танлов натижасини тан олиб, хўжаликка 14 га ер майдони ажратиш тўғрисида ўзининг 2020 йил 8 июндаги Х-611/6 сон қарорини чиқариб беради.

Сўнгра 2021 йилнинг 16 январь куни туман ер ресурслари бўлими  ходимлари иштирокида ер майдонини ўлчаш учун “Қўшдарё” МФЙ раиси Ш. Таваккалов чақирилганда унинг тоғаси Қ. Султонов ва Ҳошимов Исомиддинлар қишлоқ аҳолисини ҳам чақиришиб, тўплаб, фермерга ер ажратилишига қарши эканликларини, агар ер ажратилган бўлса, ер майдонининг юқори ҳамда пастки қисмидан, яъни икки тарафидан ҳам қишлоқ подаси,  техника ва одамлар ўтиши йўл қолдирилишини талаб қилишади.

Табиийки, бу номақбул талаб инобатга олинмасдан ер ресурслари хизмати вакиллари ер участкасининг бир томонидан, яъни пастки қисмидан қишлоқ подасининг ўтиб кетиши учун 15 метр йўл қолдирилиши бўйича тушунтириш беришганидан сўнг 14 гектар ер майдони чегаралари кўрсатилган ҳолда ўлчаб берилиб, ер ресурслари хизмати вакиллари Э.Боқиев, С.Яркулов, МФЙ раиси Ш. Таваккалов ва фермер хўжалиги вакили томонидан далолатнома имзоланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарори билан тасдиқланган ўша вақтда амалда бўлган “Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 37-бандида ер ресурслари бўйича туман хизмати вакили чегарадош ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар вакиллари иштирокида фермер хўжалиги бошлиғига ижарага бериладиган ер участкаси чегараларини кўрсатиши, фермер хўжалиги ерларини кўрсатиш далолатнома билан расмийлаштирилиши, унда фермер хўжалиги ерлари таркибига кирадиган ерлар контурлари кўрсатилиши белгилаб  қўйилган.
Шунингдек, Низомнинг 38-бандида далолатнома ер ресурслари бўйича туман хизмати вакили, чегарадош ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар вакиллари ҳамда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан икки нусхада имзоланиши, биттаси ер ресурслари бўйича туман хизматида, иккинчиси фермер хўжалиги бошлиғида сақланиши кўрсатиб ўтилган.


Орадан кўп вақт ўтмасдан, 2021 йилнинг 4 февраль куни туман ҳокими А.Закиров Қўшдарё МФЙ Дониёршайх қишлоғида жойлашган мактаб фаоллар залида қишлоқ аҳолисини йиғиб, йиғилишга фермер вакилини чақиртириб,қишлоқ аҳолиси олдида уни гўёки ёлғончилик йўли билан ерни олганликда айблаб, ер ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишини маълум қилади. 

Шу мажлисдан сўнг, нимагадир Китоб туманининг ўша пайтдаги прокурори Т.Муродов хўжаликка 14 га ер майдонини ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарорини бекор қилиш юзасидан ўзининг 2021 йилнинг 8 апрелдаги 11-11/2021-сон протестини киритади.
Туман ҳокими ушбу протестга асосан ўзининг хўжаликка ер ажратиш тўғрисида 2020 йил 8 июнда имзолаган Х-611/6-сон қарорини  бекор қилиш тўғрисида қуйидаги янги қарорни чиқаради.

Фермер хўжалиги туман ҳокимининг ушбу қароридан  норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг Қашқадарё вилоятидаги ходимларига мурожаат йўллаганидан сўнг, уларнинг амалий ёрдами билан судга шикоят аризаси киритилади.
 
Қарши туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 9 июндаги ҳал қилув қарори билан фермер хўжалиги манфаатида киритилган шикоят аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, Китоб туман ҳокими А.Закировнинг  юқорида кўрсатилган қарори ҳақиқий эмас деб топилади.


Шунингдек суд қарорида Китоб туман ҳокимлигига йўл қўйилган бузилишларни бартараф этиш, суд қарорининг ижроси тўғрисида Қарши туманлараро маъмурий судига ва ариза муаллифига суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бир ой ичида хабар қилиш ва туман ҳокимлигидан давлат фойдасига  2 450 000 сўм давлат божи тўлаши лозимлиги кўрсатилади.

Суд қарори кучга кирганидан сўнг, хўжалик Кадастр агентлигининг туман бўлимига мурожаат қилиб, ер ижара шартномасини ва ерга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириб олади. 

2022 йилнинг 3 апрель куни хўжалик томонидан ер майдонига бегона чорва моллари халақит қилмаслиги учун атрофини ўраб олиш ва  ва беда экиш учун яйлов яроқсиз қисмини шудгорлаш ҳаракатлари бошланганида “Қўшдарё” МФЙ раиси вазифасини бажарувчи Х.Хушвақтов, ҳоким ёрдамчиси Ш.Таваккалов (собиқ МФЙ раиси), қишлоқда яшовчи Я. Исмоилов, Қ.Султонов, М.Қиёмов ва  И.Ҳошимовлар бошчилигидаги 70-80 нафар шахслар келиб, нима сабабдан яна ер майдонида иш олиб борилаётганлигини сўрашади. Фермер  вакили уларга жавобан ушбу ер майдони хўжаликка ижара шартномаси, кадастр гувоҳномаси асосида берилганлиги, агар кимда ушбу ер майдонига нисбатан ҳуқуқи мавжуд бўлса, судга мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтиради.
Воқеалар ривожи тезлашиб, тортишув якунида жараён иштирокчиси Яҳё Исмоилов йиғилган қишлоқ аҳолисига “эртага ҳамманг хотин, бола-чақанг билан молларингни ҳайдаб келиб, фермерни узумзорига ва молхонасига тиқасан, қамайсан” дея йиғилганларни тартибсизлик қилишга ундовчи ҳаракатларни содир этади.

2022 йилнинг 4 апрель куни эрта тонгда юқорида кўрсатилган шахслар ва уларнинг шериклари ўзларининг мол ва қўйларини зўравонлик ва тартибсизлик йўли билан қий-чув кўтаришиб,  хўжалик юритувчиси толмонидан экиб парваришланаётган анор, гилос, олма ва узум дарахтлари экилган жойга мажбурлаб киритиб едириб, пайҳон қилдиришади. 
Тартибсизлик иштирокчилари туман ИИБ ходимларига бўйсунмаган ҳолатда зўравонлик, ҳақорат ва очиқдан-очиқ таҳқирлаш йўли билан ўз ҳаракатларини шу куни кундуз соат 15-00гача давом эттиришади. Туман ҳокими ўринбосарлари ва ИИБ ходимларининг уларни тинчлантиришга бўлган уринишлари зое кетади.
 
Эртаси куни 5 апрель соат 11-00да  туман ҳокими А.Закиров тумандаги деярли барча идора раҳбарларини олиб келиб, асосий низоли масала қолиб кетиб, фермер иш юритувчиси  томонидан молхона, емишхона, омборхона ва иссиқхона бинолари ҳаммаси ноқонуний эканлигини, ушбу қурилишларни бузиб олиши шартлигини, бузиш учун огоҳлантириш бериш бўйича туман кадастр бўлимига ҳамда ҳайдалган ер майдони бўйича баённома тузиб, жарима ундириш ва етказилган зарарни тўлаттириб олиш тўғрисида туман экология бўлими ходимларига топшириқ беради.


Энг қизиғи шундаки, ҳоким йиғилишда омма олдида хўжаликнинг шундоқ ҳам салкам икки йилдан бери фойдалана олмаётган 14 га ер майдони бўйича хўжаликни яна судга беришини, керак бўлса суд жараёни ҳали узоқ давом этишини маълум қилади. 


Шу ўринда Китоб туман ҳокимлиги ва бошқаларга бериладиган бир нечта ҳақли саволлар туғилади:
 1. Туман ҳокими нима сабабдан Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган суд қарорига бўйсунмасдан фермернинг ердан фойдаланилишига тўсқинлик қиляпти? Ёки ҳоким суд қарорини менсимайдими
2. Туман ҳокимининг маҳаллада фаолият олиб бораётган ёрдамчиси (собиқ МФЙ раиси) Ш.Таваккалов ва ҳозирги кунда МФЙ раиси вазифасини бажарувчи Х.Хушвақтовнинг хатти-ҳаракатлари тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилганми ёки тадбиркорлик фаолиятига   тўсқинлик қилишга
3. Кадастр гувоҳномаси ва ижара шартномаси бўлсада, туман ҳокими А.Закировнинг омма олдида тадбиркорлик субъектига нисбатан турли важлар билан содир этган хатти-ҳаракатлари (яна судга беришини эълон қилиш йўли билан босим ўтказиш, фермерга ажратилган ерни ҳайдалган қисми учун экология бўлимини чақириб, баённома тузиш, жарима ундириш ва етказилган зарарни тўлаттириш ташаббуси билан чиқиш) қайси қонун ҳужжатларига тўғри келади?
4. Туманнинг масъул раҳбарлари хўжаликка ажратилган ер майдонига нисбатан яна кимдадир ҳуқуқ бор-йўқлиги ҳақида аниқ, дангал фикр билдира оладими? Ёки ҳоким нима деса, шуни қўллаб-қувватлаб турадими? 
5. Хўжалик йилдан-йилга иқлимнинг глобал исиш кучайиши, сув тақчиллиги сезилиб бораётганлиги сабабли 2021 йилда фермерлик учун ажратилган ерда ўз ҳисобидан 90 млн.сўмга артезиан қазиб, 70 млн сўмга 1,2 км мандалли трубалар сотиб олган, шу билан бирга беда ва ғалла маҳсулотларини етиштириш учун ёмғирлатиб суғориш  жиҳозларига буюртма бериб қўйган.
Бундан ташқари, ажратилган ер участкасини ҳайдаш ва ўраш, унинг атрофини  ўраш учун буюртма қилинган 400 дона бетон шпалер, 10 минг метр тиканли сим, 8 млн сўмлик беда уруғларини олиш учун сарфланган  харажатларни Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни 59-моддасига мувофиқ ким қоплаб беради?
6. Хўжалик томонидан шу пайтгача сувсиз, лалми ердан ҳар йили халқ дастурхонига  тонналаб узум, анор, лимон, сут, гўшт ва ғалла маҳсулотларини етиштиришга ҳаракат қилинган ва салмоқли натижаларга эришилган. 

Тартибсизлик иштирокчиси Эргашев Сойибнинг “ҳоким бобомиз агар мен шу туманда ҳоким бўлиб ишлаб турсам, фермер ерни ололмайди деб айтдилар” дея иштирокчиларни  руҳлантиргани видеотасвирларда акс этган. (видео "Nasafnews" архивида сақланмоқда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармонига мувофиқ 2021 йил 1 августдан бошлаб туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 34-моддасига кўра давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 2412-моддасига кўра тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фермер қонунга зид фаолият олиб борган бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради.
Лекин юқорида санаб ўтилган қонунчилик ҳужжатларига кўра тадбиркорлик билан шуғулланаётган фермерга тегишли ўралган ер майдонини очиб беришни талаб қилган, фаолиятига тўсқинлик қилаётган, унинг ҳайдаган ерини ўлчаш, баённомиа тузиш, жарима ва зарарларни тўлаттириш учун омма олдида ташаббус кўрсатаётган мансабдорларга ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда кимдир чора кўра оладими?


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонида Тараққиёт стратегиясида чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 — 2 баравар кўпайтириш 32-мақсад сифатида белгиланган.
Туман ҳокими ва бошқа мутасаддилар фермернинг маҳсулот етиштириш учун ердан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятига тўсқинлик қилиб, Фармонда белгиланган мақсадни чиппакка чиқаришмоқчими?


8. Лалми, сувсиз ерда сув чиқариб экилган кўчатларни, дарахтларни пайҳон қилганлик, жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитни бузганлик, ўзбошимчалик, зўравонлик йўли билан тартибсизлик содир этган шахсларга нисбатан қайсидир давлат органи чора белгилай  оладими?

Мана шу саволларга Китоб туман ҳокимлиги ва бошқа ваколатли идоралардан жавоб кутиб қоламиз. 




«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: