Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қарши шаҳрида чет эллик кардиохирург иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Қарши шаҳрида чет эллик кардиохирург иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

29 мар 2023
3 245
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиалида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Маринский шаҳар шифохонаси кардиохирургия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Видади Эфендиев иштирокида маҳорат дарслари бўлиб ўтган.

Бундан мақсад Қашқадарё вилоятида ноёб турдаги кардиожарроҳлик амалиётларини кенг йўлга қўйиш, филиал мутахассислари томонидан уларни мустақил амалга оширишга замин яратишдан иборат.

Икки кун давомида Видади Эфендиев ҳамда маҳаллий кардиохирурглар биргаликда жами 6 нафар беморда ноёб турдаги мураккаб амалиётларни ўтказди.

Россиялик ҳамкасбимизнинг тажрибаси билан танишиш филиал мутахассислари учун айни муддао бўлди, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Адҳам Жалилов. — Ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш, митрал стенозни бартараф этиш, гипертрофик кардиомиопатия касаллиги бор беморда “Морроу операцияси”, аортал клапан протезлаш ва митрал клапан комиссуротомияси каби мураккаб турдаги амалиётларни биргаликда муваффақиятли ва асоратсиз бажардик. 

Маълумот учун, Маринский шаҳар шифохонаси Санкт-Петербург шаҳридаги педиатрия тиббиёт университети, Академик И.П.Павлов номидаги давлат тиббиёт университети ҳамда тиббиёт академияси каби нуфузли муассасаларнинг илмий-амалий, ўқув ва клиник базаси ҳисобланади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: