Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ғайриқонуний буйруғи сабаб судда ютқазди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ғайриқонуний буйруғи сабаб судда ютқазди

19 май 2023
6 386
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сонли фармони билан Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги бирлаштирилиб, вазирликларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ҳам Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари этиб ташкил этилди. 

Шундан сўнг, янги вазирнинг буйруғига асосан ходимлар сони қисқартириб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари МКнинг 100-моддаси 1-бандига асосан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди.

Хусусан, Чироқчи тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаб келган Фарход Жумановга ҳам иш берувчи ташаббуси билан икки ойдан сўнг меҳнат шартномаси бекор бўлиши тўғрисида огоҳлантириш хати юборилди.

Бироқ, Фарход Жумановга берилган огоҳлантириш хати муддати якунланмасдан, яъни меҳнат шартномаси бекор бўлмасдан янги ташкил этилган Чироқчи тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига вазирнинг буйруғига асосан Бобоқул Қорабоев бошлиқ сифатида тайинланган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Бобоқул Қорабоев ўз аризасига кўра, ишдан олиниб, Чироқчи тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига Чироқчи тумани 57-сонли мактаб (вазир буйруғида ушбу мактаб 54-сонли этиб кўрсатилган) директори Бекжон Самадов мудир лавозимига номзод тайинлангунига қадар вазифа бажарувчи этиб қўйилади.

Ажабланарли томони юқоридаги жараёнлар Фарход Жуманов билан тузилган меҳнат шартномаси вазирликнинг ўзи кўрсатган муддат тугамай туриб содир бўлган.

Шундан сўнг, ҳуқуқлари поймол бўлган Фарход Жуманов фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судига вазирликнинг буйруқларини ғайриқонуний эканлиги тўғрисида даъво аризаси киритади.

Жорий йилнинг 10 май куни фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди очиқ суд мажлисида даъво аризаси кўриб чиқилган. Ҳаттоки, суд мажлисида Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси юристи Мадина Муродова бўлим мудири Фарход Жуманов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор бўлмай туриб, дастлаб, бўлим бошлиғи лавозимида Бобоқул Қорабоев ва Бекжон Самадовлар бошлиқ этиб тайинланганини тасдиқлаган.

Суд чақируви берилган бўлсада, вазирлик вакили суд мажлисига на келмаслиги ҳақида маълумот берган ва на сабаб кўрсатган.

Суд қарорига кўра, вазирликнинг Бобоқул Қорабоев ва Бекжон Самадовларни Чироқчи тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига бошлиқ этиб тайинланиши ҳамда вазифа юкланиши тўғрисидаги буйруқлари ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинган ва Фарход Жуманов суд мажлисида ишга тикланган.

Вазирликдан суд мажлисининг видеоконференц алоқаси учун 87,5 минг ва 1,3 млн сўм давлат божи ундириладиган бўлди.

NasafNews” иҳтиёрида шу каби меҳнат ҳуқуқлари бузилган мудирлар ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, ўрганиш ишлар якуни билан эълон қилинади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: