Бош саҳифа » СПОРТ » "Насаф" клуби раҳбари Бердиевнинг жамоадан кетиш-кетмаслигига аниқлик киритди

"Насаф" клуби раҳбари Бердиевнинг жамоадан кетиш-кетмаслигига аниқлик киритди

31 авг 2022
2 985
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ

Суперлиганинг 17-туридан ўрин олган "Насаф" — "Локомотив" учрашувининг сўнги дақиқаларида жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг учрашув бош ҳакамига эътироз билдиргани ОАВ ва кенг жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ушбу воқеага Шўртан газ-кимё мажмуаси директори, "Насаф" футбол клуби президенти Шухрат Асланов ҳам ўз муносабати билдирди.

"Рўзиқул Бердиев ўзи хоҳлаган муддатгача клубда фаолият олиб боради. Клуб раҳбарияти Рўзиқул Бердиев ва мураббийлар штабига тўлиқ ишонади. "Насаф" Рўзиқул Бердиев билан Ўзбекистон чемпионатининг тўрт карра бронза, икки карра кумуш медаллари, икки карра Ўзбекистон Кубоги ва бир марта Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритганини жамоамиз мухлислари эсдан чиқармасликлари керак деб ўйлайман. Кечаги беллашувдан сўнг "Насаф" ва унинг атрофида клуб номи орқали ўзига эътиборни жалб қилувчилар кўпайганлиги ва бу айнан клубнинг охирги йиллардаги омадли иштироки сабабли деб биламан. Сўнгги пайтларда клубимиз ҳақида “қайғураётган” турли футбол “билимдон”ларидан маслаҳатлардан бироз тийилишларини сўраб қолардим.

"Жамоамиз жорий мавсумда миллий чемпионатимизда чемпионлик учун курашмоқда ва бу йилги чемпионат ҳар қачонгидан ҳам қизғин кечмоқда. Жамоа халқаро майдонда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шу сабабли жамоамизнинг ҳақиқий мухлисларидан бироз совуққон бўлишларини, ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчилар ва мураббийлар штабини қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан. Зеро, ҳақиқий мухлис, омад келмаганида ҳам ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлаши лозим", - дея фикр билдирди Шухрат Асланов.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: