Рўзиқул Бердиевнинг жиддий эътирозига Диёр Имомхўжаев жавоб қайтарди
Суперлига 17-тури доирасидаги "Насаф" - "Локомотив" (0:0) ўйинидан кейин қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев натижалар қониқтирмаётган бўлса, кетишга тайёрлигини айтди. Бу интервью тармоқларда кескин муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Бердиев ВАР масаласида ҳам жиддий эътирозларини билдирди.
"Биттаси келиб, "Ака, хавотир олманг ВАР ишлаяпти" дейди, биттасига нега вазиятларни кўриб чиқмадинг десак, "ВАР ўчиб қолибди, алоқа келмай қолди", дейди" , - дея фикр билдирган Бердиев.
ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев эса "Насаф" клуби бош мураббийининг бу эътирозларига жавоб қайтариб, дастлаб ўз телеграм каналида шундай ёзди.
"Кетма-кет иккинчи мавсумда "Насаф" ўзига керакли очколарни "Локомотив"га қарши ўйинларда ишлай олмаяпти. Бу тасодиф ёки фақатгина ҳакамлар айби эмас. "Насаф"да потенциал кучли, Чемпионлар лигасида буни ҳамма кўрди. Аммо лигани ютиш учун изланишда давом этилиши керак", - дея фикр билдирди Имомхўжаев.
Шунингдек, бугун Имомхўжаев чигал масалани яна бир бор изоҳлаб ўтди.
"ВАР масаласида эса техник муаммо бор, бу фақатгина видеосигналнинг мониторга етиб келмаслиги билан боғлиқ. Қолган барча ҳолатда ВАР тўлиқ ишлаган. Футболчи ва мураббийларнинг гаплари ҳам ВАР томонидан аниқ-тиниқ ёзиб олинган. Бу Тартиб-интизом қўмитаси учун асқотади.
Шундай экан, кечаги фикримизда қоламиз. Ҳакам учрашувни жуда яхши бошқариб борди. Кетма-кет уч уй ўйинидан буён рақиб дарвозасига йўл топа олмаётган, кетма-кет тўрт ўйиндан буён уй ўйинида ғолиб чиқа олмаётган жамоа муаммони бошқа жойдан излаши керак. Агар ёрдам керак бўлса, фақатгина ҳакамлар эмас, қайси футболчи қандай ўйнагани, уларнинг статистикаси қанақа ва маоши қанча каби саволларга жавоб топишга ёрдам бериб юборамиз. Ҳамма ўз иши учун жавоб бериши энг тўғри йўл. Футбол ҳакамлари 30 йил давомида ҳеч қачон ҳозиргидек шаффофроқ ва тозароқ ишламаган. Ва, албатта, хатолардан улар ҳам сиз-у биз каби кафолатланмаган", - деб ёзади ПФЛ директори.