Қашқадарёда янги ташкил этилган бошқарма нима билан банд?

989
Ёшлар ишлари агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармасида айни кунларда иш қизғин. Тизим янги. Лекин айнан мазкур тузилма кўплаб ёшларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришда асосий куч бўлиши мумкин.
Агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ва масъуллар Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасига борди.
Учрашув номига ўтказилмади. Бу  ерда билиб- билмай хато қилиб, бугун жазо ўтаётган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш тадбирдан кўзланган асосий мақсад бўлди.
– Биз ҳар бир ёш билан суҳбат давомида уларга умид учқунларини уйғота олдик деб ўйлайман. Улар жазони ижро этиш муассасасидан чиққандан сўнг, тўғри йўлни танлаб, ўз олдига эзгу мақсад қўйишига ишонаман,- дейди Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Омонов.
Шунингдек, Ёшлар ишлари Агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан «Ёшлар дафтари» ёрдамида ишсиз ёшлар билан алоҳида, янги тартибда ва манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилади.
Шу муносабати билан  бошқарма бошлиғи ҳамда масъуллари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, намунавий шаклида Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида уйма-уй юриб, ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантирди ҳамда уларни иш билан таъминлаш бўйича ўз таклифларини бериб ўтди.
Бундан ташқари, Гулшан маҳалласидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг ёшлари Қарши шаҳридаги «Дипломат» ўқув марказида бепул математика, инглиз тили ҳамда рус тилини ўрганишлари учун таклиф этилди.
Маълумот учун, Ёшлар ишлари агентлиги ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.
Шунингдек, агентлик ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ҳозирда Шохжаҳон Омонов фаолият олиб бормоқда.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here