Китобда аҳоли истеъмолга яроқсиз сувни истеъмол қилмоқда. Мутасаддилар эса бундан ҳайратланмоқда

232

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали Қашқадарё вилояти Нишон тумани Талимаржон шаҳарчаси аҳолисининг истеъмолга яроқсиз сувни ичишга мажбур бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Бугун эса воҳанинг тоғли ҳудудларидан бири бўлмиш Китоб тумани «Сурум» қишлоғида яшовчи бир гуруҳ аҳоли томонидан худди шу мазмундаги мурожаат келиб тушди. «Uztime.uz» масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилиб кўрди.

ИЧИМЛИК СУВИ УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАЙМИЗ, БИРОҚ…

Мурожаатнинг қисқача мазмуни

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки дейилади мурожаатда, биз туман «Сувоқова» ДУК бўлимига ичимлик суви учун тўловни ўз вақтида тўлаймиз. Бироқ, «водопровод крани»дан келадиган сувни кўриб уни истеъмол қилишга ўйланиб қолади киши. Бу ҳақда туман ДСЭНМ (бугунги кунда ушбу ташкилот Санитария эпидемиология осойишталик маркази сифатида ном олган) раҳбариятини ҳам, туман ҳокимлиги вакилларини ҳам, туман «Сувоқова» ДУК масъулларини ҳам бир неча бора огоҳлантирганмиз, аммо натижа йўқ. Афсуски, бу ҳол бир эмас, бир неча маротаба такрорланаяпти. Биз ўзимиздан ҳам кўра кўпроқ ёш болаларимиз соғлигидан хавотир олаяпмиз.

***
Мазкур масала бўйича аввало аҳолини ичимликка яроқсиз сув билан таъминлаб келаётган Китоб туман «Сувоқова» ДУК раҳбаридан изоҳ олишга уриниб кўрган мухбирга ташкилот раҳбари тайинли изоҳ бера олмагани етмагандек, унга бу мавзуни кавлаштирмасликни «маслаҳат» берганига нима дейиш мумкин? Хизмат гувоҳномасини кўрсатиб ўзини таништирган ва ўз ўрнида ташкилот раҳбаридан ҳам ўзини таништиришни сўраган журналистга «исмини очиқлашни истамаган раҳбар» шундай деб жавоб берган:

-Хўш, шунга нима қилибди? Ҳа, бу бор гап. Сизга кимлигимнинг нима қизиғи бор. Ана эшигимда ёзилган, чиқиб ўқиб олаверинг. Масалангизга келсак, бу қишлоқ аҳолиси 50 йилдан буён шу сувни ичиб келаяпти, эндиям ичавермайдими, ҳеч кимга ҳеч нима бўлгани йўқ-ку. Тавба, бунинг устига сувнинг истеъмолга яроқлими ёки яроқсизлиги учун биз эмас, СЭС жавоб беради, тушунарлими? Сизга маслаҳатим бу ёғи «ҳокимиятга» боғлиқ бўлиб турган масалани «кавлаштирмаганингиз» маъқул.

Бу ёғи қизиқ бўлди-я, муаммо қолиб, унинг бир неча ўн йиллардан буён мавжудлиги, ечими «ҳокимият» ҳамда «СЭОМ» га боғлиқлигини важ қилиб кўрсатган туман «Сувоқова» ДУК раҳбарининг бу масала  хизмат ваколатига кирмаслигини тушунтиришнинг янгича усули бўлса керак-да. Нимаям дердик, орамизда ҳали-ҳамон шунақа эскича фикрлайдиган, ошкоралик ва очиқлик замонини ҳазм қила олмайдиган раҳбарлар бор экан. Мавзу юзасидан тайинли бирор-бир изоҳ оламизми деган умидда собиқ ДСЭНМнинг туман бўлимида бўлдик. Афсуски, бу ерда вазият тепадагидан ҳам «оғирроқ» экан.

ҚЎЛБОЛА «ФИЛЬТРЛАНАЁТГАН» СУВ УЧУН КИМ МАСЪУЛ?

Халқ тили билан айтганда «тарма кўчиш» деб номланадиган бу сувни одамлар истеъмол қилишлари учун аввал икки кунлаб «кран»ни очиб қўйишарди ёки идишларга олиб бир кун тиндириб сўнгра юза қисминигина олиб ичишар экан. Ва энг қизиғи, бу ҳолат бир неча йилдан буён давом этиб келса-да, ҳамманинг тили тиши орасида юришга мажбур. Фуқароларнинг таъкидлашича, сув аҳолига икки маҳал берилади ва икки маҳалда ҳам сув шу ҳолатда келади. Қўлбола мато орқали ўзимиз маҳаллий услубда «фильтр»лаб ичаяпмиз, дейди бир киши.

МАСЪУЛЛАРНИНГ «АНГЛАБ БЎЛМАС» ИЗОҲИ

Китоб туман СЭОМ бош шифокори У.Саидов: – Бу масала билан  бактериология бўлими шуғулланади. Сув таркибини камида бир ҳафта давомида текшириб хулоса беради. Бўлимга иложи борча чуқурроқ текшириб беришларини айта оламан. Хулосаси ҳақида эса маҳалла раисига билдира оламиз. Сувнинг кимёвий таркибини ўрганиш жараёнида сувнинг ичимликка яроқли ёки яроқсизлигини ва касаллик чақириш ёки чақирмаслигини ўрганиб, ана ундан кейин эса сувни тозалаб, сўнгра ичиш учун рухсат берамиз. Очиғи, масаланинг тўлиқ ечими туман ҳокимлигига бориб тақалади.

Бактериолог, врач Яшнар Сиддиқов: –  Аслида бу ишни бир ҳафтага эмас, икки кунга қолмай текшириб якунлаш мумкин. Агар сувнинг таркибида заҳарли ва тиббий атамага кўра, ўсувчи бирор модда бўлса, унда текширув 3-4 кунни олиши мумкин.

Китоб туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Усманов Фарҳод: – Бўлиши мумкин эмас, наҳотки «водопровод»дан келадиган сув шунақа ифлос бўлса?! Лекин, бизга бу масала бўйича ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, канализация қувурлари 2017 йилдан буён махсус дастур асосида таъмирланаяпти. Бу лойқа сув экан, шундай жойлар борки, сувнинг ўзи йўқ. Фақат шуни айта оламанки, агар бу сув артизан қувури орқали эмас, айнан «водопровод крани» орқали келадиган бўлса унинг ечимини топамиз. Албатта аввал «СЭС нинг хулосасини ўрганиб чиққач». Бу еда «Сувоқова»ни ҳам айблай олмайман. Уларда ҳозир ҳеч қандай маблағ ҳам, «бошқарув» ҳам йўқ, шу боисдан  ташкилот раҳбари «ўзини олиб қочган» бўлиши мумкин.

«Сурум» МФЙ раиси Гулжаҳон Тўрақулова: – Хабарим бор, ростдан ҳам бу муаммо бизнинг маҳалламизнинг муаммоси. Бу ҳақда аҳолимиз мурожаат қилиб ҳам чиқишган. Афсуски, эскирган ва яроқсиз қувурларни таъмирлаш билан шуғулланишга ваколатимиз йўқ. Аслида бу аҳоли тақсимотига боғлиқ масала ҳам. Яъни, эскирган ва  ишдан чиққан қувурлар шу ҳудудда яшовчи аҳолининг ўз маблағи ҳисобидан таъмирланиши керак.

ОТАНГГА БОР, ОНАГГА БОР, ЎРТАДА ЭСА «МУАММО» САРСОН

Суратларда кўриниб турган сув Қашқадарёда, аниқроғи Китобда олинган дейиш қийин. Аммо, бу ҳақиқат. Аниқланишича, «Сурум» қишлоғи туман марказидан унчалик ҳам узоқда жойлашмаган экан. Бунинг устига агар аҳоли ифлос, лойқа ва махсус лаборатория текширувидан ўтмаган бу сувни «50 йилдан» буён истеъмол қилиб келаётган бўлса демак, бу жиддий муаммо. Ахир гап инсон саломатлиги устида кетаяпти. Айниқса, ёш болаларнинг мавсумий касалликларга чалиниши ва бу «оддий хол»га айланиши ачинарли, албатта.

Ўйлаймизки, масъул мутасаддилар ушбу ҳолатга бефарқ қарашмайди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here