Қашқадарёда депутат бўлолмаган номзод унга берилган овозлар соҳталаштирилганини айтмоқда

1503

Қарши туманидан депутатликка номзоди қўйилган, аммо кўп овоз тўпласада депутат этиб сайланмаган Фароғат Мирзаева унга берилган овозлар соҳталаштирилганидан шикоят қилмоқда.

Маълум бўлишича, Қарши туманида овозларни санаш жараёнида кўзбоямачиликка йўл қўйилган. 22 декабрда ўтказилган сайлов якунлари бўйича баённома тузиш вақтида ручка билан тўлдирилиши керак бўлган баённомалар қалам билан тўлдирилиб, кейин эса овозлар сонини кўпайтириш ва камайтириш ҳолатлари кузатилган.
– Мен «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзодимни кўрсатган эдим,- дейди Фароғат Мирзаева.
– 22 декабрь куни 2 та сайлов участкасида мен ва партиялардан кўрсатилган бошқа номзодларга овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. Кузатувчиларнинг айтишича, 184- сайлов участкасида энг кўп 497 та овоз олиб биринчи бўлдим. Овозлар саналиб қайд этилди. 185-сайлов участкасида эса 157 та овоз берилди. Лекин овозларни санаш жараёнида бу кўрсаткичлар баённомага қалам билан ёзилиб, туман сайлов участкасига олиб борилганда ўзгартирилди. Бунга етарлича асосларим бор, ҳаттоки байёномалар қалам билан белгиланиб тасдиқланди. Бундай кўзбоямачиликни кимга кераги бор? Нега овозларни соҳталаштириш билан боғлиқ ҳолатни ҳеч ким ўрганмайди?
Фароғат Мирзаевага кўра, сайлов участкалари аъзоларига овозларни қалам билан белгилашни Туман ҳокимлиги буюрган. Айтилишича, ҳокимиятда ишловчи Шуҳрат Ҳайдаров исмли йигит туман сайлов комиссиясига топшириқ берган.

-Ҳокимиятнинг сайловга аралашишга, овозларни соҳталаштиришга нима ҳаққи бор, – дейди Фароғат Мирзаева. Улар депутатларни олдиндан аниқласа, биз сайловда иштирок этиб берадиган қўғирчоқмизми?

Фароғат Мирзаеванинг таъкидлашича, туман сайлов комиссияси туман ҳокимлигидан топшириқ олиб, 184 ва 185- сайлов учаcткалари раисларига турли талабларни қўйган. Унга кўра, сайлов натижалари бўйича тузилган баённомалар фақатгина қалам билан белгиланиши айтилган. Якуний натижага кўра ручка билан белгиланган байёномалар қабул қилинмаган.

“Nasafnews” Фароғат Мирзаеванинг мурожаати юзасидан Қарши туман ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимлик сайловга аралашмаганини айтиб, юқоридаги важларни рад этди.

Ҳокимлик сайловга аралашмаган бўлса, овозларни баённомага қалам билан белгилаб тасдиқлашни сайлов учаткасига ким буюрди?
Бу қонунбузарликлар ҳаққоний тарзда ўрганиб чиқилиши, уларга адолатли, қонуний баҳо берилиши керак.
Қашқадарё вилояти сайлов комиссиясидан мазкур ҳолат бўйича тайинли изоҳ кутамиз.

Гулилайло Тугалова

Аввалроқ  “Қарши туманида бир киши бир номзодга 10 та овоз бермоқчи бўлди” сарлавҳали хабарни эълон қилган эдик. Шундан сўнг, ҳолатни Прокуратура ўрганишни бошлаган эди.

1 izoh

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here