«Насаф»дан кетган Умар Эшмуродов «Насаф»даги шароит ҳақида гапирди

867

Икки ярим йил давомида «Насаф» шарафини ҳимоя қилиб келган Умар Эшмуродов учун фаолиятида яна янги саҳифа очилди. Эндиликда у «Пахтакор»нинг янги аъзосига айланган ҳолда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони билан расман шартнома имзолади.Sports.uz сайти футболчига қатор саволлар билан юзланди.

«Пахтакор»нинг таклифи менга қизиқ кўринди»

Айтиш жоизки, «Насаф» жамоасининг сардори сифатида ўйнаган Умарнинг «Пахтакор»га ўтишини эътиборга молик ўзгаришлар қаторига қўшиш мумкин. Чунки унинг Қаршидан кетишини кўпчилик кутмаганди ҳам. Эшмуродов эса бу таклиф қачон ва қандай юз бергани ҳақида гапирди.

– Менга декабрь ойларида «Пахтакор» клубидан таклиф билан чиқишди. «Пахтакор» кучли клуб ва улар Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишади. Мана шундай жамоадан чақирув бўлгани ҳам ўзимга жуда қизиқ кўринди. Шу сабабли клубнинг таклифига розилик билдирдим.

«Бу таклиф устида узоқ ўйладим»

«Пахтакор»дек клубда тўп суриш чемпионатимизда ўйнаётган барча футболчиларнинг истаги бўлса керак. Чунки бу ерда футболчи учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Шундай экан, Эшмуродовнинг «Пахтакор» таклифини қабул қилгани ҳам бежиз эмасди. Уларнинг чорловига дабдурустдан рози бўлдими ёки бу таклиф устида узоқ ўйландими?

– Мен бу таклиф устида узоқ вақт ўйладим. Менинг «Насаф» билан тузган шартномам 2019 йилнинг 31 декабригача амал қиларди. «Пахтакор»нинг таклифи устида ўша муддат тугагунча ўйладим. «Пахтакор»дагилар менинг жамоа аъзосига айланишимни хоҳлашди. Ўзимда ҳам Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишга ва муҳитни ўзгартиришга хоҳишим бор эди. Натижада «Пахтакор» таклифини қабул қилдим. Энг асосийси, жамоадагилар мени хоҳлашгани учун бу чорловни қабул қилдим.

«Янги жамоага мослашиш менга қийин бўлмайди»

Яна бир гап: «Пахтакор» клуби охирги пайтларда «Насаф»да ўзини кўрсатган бир қатор футболчиларни ўз сафига чорлади. Натижада улар бугунги кунга келиб «Пахтакор»нинг етакчиларига айланишди. Умар Эшмуродов ҳам ўтган вақт давомида «Насаф»да ўйинчи сифатида анча шаклланди ва жамоа сардорига айланди. Натижада «Пахтакор» унга ҳам «оғиз» солди. «Насаф»дан «Пахтакор»га футболчиларнинг кўчиб ўтаётгани нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Бу ҳақида Эшмуродов шундай деди:

– «Насаф»нинг ўйин услуби, жамоа ва мураббий яхши бўлгани учун футболчилар у ерда ўсишга эришишади. Қаршида футбол ўйнаш учун яхши шароит бор. Ҳамма бошқа клубга борса ўйнаб кетавермайди. Аммо «Насаф»га ўтган футболчи албатта ўсишга эриша олади. «Пахтакор»даги барча футболчиларни эса яхши танийман. Миллий терма жамоада шуғулланган пайтимда ҳам ўйинчилар билан яқиндан танишганман. Бунинг устига аксарият ўйинчилар билан «Насаф»да ҳам бирга тўп сурганмиз. Янги жамоамга мослашиш мен учун қийин бўлмайди.

3 Izohlar

  1. Nasaf kulubini o’stirmalaring Qanaqa Yangi o’yinchi chiqasa Birdan Poytaxtga Ob ketila Yaxshi o’yinchi xam Poytaxt o’yinchilariga o’xshab qoladi Oldin Nasafga Lokamotiv rossa osildi Xamma o’yinchini ob ketti Endi Navbat Paxtakorga Paxtakordi Maqtaysanlar Paxtakor xam kulubmi nasaf Osiyo kubogini ob qoyibdi

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here