Бош Прокурор долларга “ер сотиб” бойиган амалдорларни санади

5823

1 февраль куни Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилиши аҳволи ҳамда соҳада қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Комиссия йиғилишида Бош прокурор Н.Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Бош прокурор сўнгги икки йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 та жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу жиноятларнинг 71 тасини порахўрлик, 354 тасини фирибгарлик, 37 тасини сохтакорлик каби қилмишлар ташкил этишини маълум қилди.

Бу даврда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизини ер кадастри ходимлари ташкил этиши қаттиқ танқид қилинди.

Мисол учун, Булоқбоши туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи фуқаро У.га 4 сотих ерни уй-жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олганда жиноят устида ушланган.

Муборак туман бўлими мутахассиси фуқаро Э.га иссиқхона қуриш учун ер ажратишни ваъда қилиб, 14 минг АҚШ доллари олганлиги учун суд ҳукми билан етти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Қўмитанинг фаолияти фақат кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдан иборат “Ермулккадастр” корхонаси ходимлари ҳам бундай суиистеъмолчиликларга берилганлиги ҳам кўрсатилди.

Масалан, Андижон шаҳар “Ермулккадастр” раҳбари фуқаро Қ.га 4 сотих ер ажратишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари олганлиги учун суд ҳукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Олтиариқ туман “Ермулккадастр” мутахассиси фуқаро Н.га 5 гектар ерни боғ ташкил этиш учун ажратиб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари ва 28 млн. сўм олган вақтида жиноят устида ушланган.

Ўтган икки йилда ҳокимликларнинг 23 нафар, архитектура ва қурилиш идораларининг 14 нафар ходимлари ер билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Мисол учун, Арнасой тумани ҳокимининг ўринбосари тадбиркорга паррандачилик комплекси учун ер ажратиш эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 3 минг АҚШ долларини олганда қўлга олинган.

Ер ажратиш эвазига Урганч тумани ҳокими ўринбосари 5 млн. сўм, Хива шаҳри ҳокими ўринбосари 2 минг АҚШ доллари, Чуст тумани ҳокими ўринбосари 2.000, Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари 6.000, Навбаҳор тумани ҳокимининг ўринбосари 11 минг АҚШ доллари пора олганлиги учун жавобгар бўлган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here