Насафий ва «фа-фа-фа»га енгилишдан қўрқасизми?

837
Шарқда эса доимо ҳар нарсанинг идеали бўлган, бўлиб келмоқда, балки келажакда ҳам бўлар. Биз ҳаммани ўз қолипимизга мослаштириш тарафдоримиз. Бу хислатимиз бугун пайдо бўлмаган, азалдан халқимиз шуурида шаклланиб келган. Битта мақол ҳам бор эди-я: Оч қорним, тинч қулоғим. Биз янгиликлардан кўра, одатланган нарсаларни устунроқ қўямиз. Шу сабабли ҳам Насафийнинг ўзини тутиши, Лоланинг клипи, ва ҳоказоларнинг қоматини танқид қилаверамиз.
Жамиятимизда катта авлоднинг таъсири кучли бўлиб, ижтимоий ҳаётимиз уларнинг нуқтаи назаридан тузилган. Бир томондан оладиган бўлсак, бу ҳам ўзини қайсидир маънода оқлаган: бу «шарқона тарбия» деб аталади. Катта авлоднинг анъаналарни ҳимоя қилиши бугунгача миллатлар хилма-хиллигини сақлаб, космократия (бутун дунёда битта юридексия бўлиши ҳақидаги назария)нинг амалда вужудга келишининг олдини олмоқда.
«Демократия бошқарувнинг энг оғир шакли, бироқ инсоният бундан яхшисини ўйлаб топмаган», деган эди Буюк Британиянинг машҳур бош вазири Черчил. Биз ҳануз кимларнидир  нимасинидир танқид қиламиз, бироқ танқидлар таклифсиз…
Ижтимоий тармоқларда кимнингдир санъатини эмас, балки унинг ўзини тутиши ёки кийиниши муҳокама қилинади. Масалан, Насафий тахаллусли бир йигит… Ижтимоий тармоқларда «мегаюлдуз»га айланган бу «санъаткор»ни бўралатиб сўкиш ёки ундан турли мемлар ясаш авж олиб кетди. Кимдир уни эшакка тенгласа, яна кимдир бундан-да ёмонроқ тасвирлайди. Наинки  катта авлод, балки ўрта авлод ҳам уни «кўргани кўзи йўқ», энг ёш авлод эса Насафий билан иши йўқ, чунки уларсиз ҳам маънавиятимиз ҳақида қайғурувчилар жуда кўп. Негадир Насафийнинг қўшиқ айтмаслигини, шоу-бизнесни тарк этишини сўраймиз-у бироқ шунга яраша таклиф бера олмаймиз. Устоз санъаткорларнинг қўшиқларини бузиб айтганликда тергаб, бундай ашуладан кўра миллий лапар ва мақомларимиз яхши эканлигини тушунтирамиз. Бироқ шу миллий санъатимизни оммавийлаштириш ҳақида қаттиқроқ қайғурмаймиз. Хўш, айб кимда: миллий санъатимизни ёя олмаган биз маънавиятчилардами ё умуман миллийликни билмайдиган «отарчи»дами? Ижтимоий тармоқдаги ўзбек сегменти истаймизми ё йўқ Насафийни бизга салбий кўринишда танитиб бўлди: уни умуман билмайдиганлар ҳам, биладиганлар ҳам Насафий ижод қилишга нолойиқ эканлигига ишониб қолган. Бугун кимгадир «Насафийни эшитаман», деб кўринг-чи, сизга қандайдир бошқача кўз билан қарайди. Негадир биз ёқтирмаган нарсамизни бошқалар ҳам ёқтирмаслигини истаймиз. Аслида ким нимани эшитиши, кўриши унинг истаги бўлиши керак эмасми, а лаббай? Демократия шунақа эмасмиди?.. Бизда эса бошқачароқ: биз ёмон кўрдикми, демак ҳамма ёмон кўриши керак; биз танқид қилдикми, демак ҳамма танқид қилиши керак. Кимдир бизнинг оқимда сузишни истамаса, биз уни оқизиб кетамиз – биз шундай «ижтимоий тармоқларда ўзбек сегменти»ни яратдик. Кимнидир қоралаш бошландими, унинг бошини чиқармай ёмонлашга тушамиз. Агар сиз билмасдан ўша «бахтиқаро»ни яхшилаб қўйинг-чи, нақ унинг ҳамтовоғига айланасиз-қоласиз. Ишонмасангиз Фейсбук профилингизга «Насафий менга ёқади» деб ёзиб қўйинг!?. Сиз диди пастга чиқасиз, маддоҳга, санъатни тушунмаганга айланасиз. Мен Насафий ёки бошқа бир «беқилиқ» санъаткорни оқлаш ниятим йўқ: мен ҳамма ўзи истагандек санъатга ёндашиши тарафдориман. Негадир жамиятимизда ўзгаларнинг истакларини ҳурмат қилиш тушунчаси йўқ. Эҳтимол, бу энг оғриқли нуқталаримиздан бири бўлса керак.
Дунёдаги энг демократик тамойилларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида шундай дейилади: «Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт». Бизнинг жамият эса бундай демократияни кўтара олмаяпти. Насафийни эшитмаслик, Жаҳонгир Отажоновнинг «Фа-фа-фа-фа»сига тақлид қилмаслик ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи, лекин буни бошқалар қилиши мумкинмас, дегани эмас. Биз мумтоз санъатимиз ва миллий тарбиямизнинг қудрати ҳақида баланд шиорлар айтамиз-у бироқ улар Насафийнинг қилиқларига, «Фа-фа-фа»ларга енгилиб қолишидан қўрқамиз. Агар ҳозир ижтимоий тармоқларда «мегаюлдуз» бўлаётганларнинг қилаётган қилиқлари санъат даражасида бўлмаса, албатта, кун келиб бу бутун ҳаётимизни тарк этади ва биз истаган маданиятгина қолади. Бундай паст савиядаги қўшиқлар инсонни ҳунукликни гўзалликдан фарқлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Румийда бир гап бор: «Ҳар нарсанинг қадри зидди билан».
Бу борада гапирсак, гап кўп. Ҳиндистоннинг машҳур арбоби Маҳатма Ганди шундай деган эди: «Мен деразамни очсам, тоза ҳаво билан бирга чанг ҳам киради». Биз ривожланган мамлакат бўлишни истар эканмиз, «эшик ва дераза»ларимизни ланг очишга тўғри келади. Очганимизда жамиятда турли ахлоқсизликлар, маънавиятдан чекинишлар бўлиши мумкин, аммо биз шу пайтда мустаҳкам маънавиятли бўлиб тура олишимиз керак эмасми, ахир. Ўтиш даврида биз нима яхши, нима ёмонлигини билиб оламиз. Муҳими шу. Гарчи савияси паст қўшиқлар ёш авлоднинг эстетик дидини туширишга хизмат қилса ҳам, бу миллий санъатимизнинг қанчалик даражада юксак эканлигини исботлаб беради. Ахир рақобат ўсишни таъминлайди, ё унақа эмасми?..
Биз бировнинг эркинликларига дахл қилгунча, бизга ёқмаган нарсаларга қарши ўзимизда ўзимиз иммунитет ҳосил қилсак, етарли. Ахир айтишади-ку, ғояга қарши ғоя билан…
Санжар Машриқий
Манба: xabar.uz

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here