Президент совғаси Миришкорга берилмади. Кўзбоямачилик кимга керак?
Кеча Қашқадарё вилоятидаги 8 та туманнинг Маданият бўлимларига Президент совғаси сифатида «Дамас» русумли автомашиналар топширилди. Аммо вилоятнинг олис ҳудуди ҳисобланмиш Миришкор тумани бу рўйхатда йўқ. Туманда фаолият кўрсатувчи блогер Азиз Яздурдиевнинг «Nasafnews» маълум қилишича, кўп миллатли Миришкор тумани доим имтиёзлардан четда қолдирилади.
"4038-сонли қарорига асосан "Кўп миллатли" Миришкор туман Маданият маркази биноси 2022 йилда қиймати 5 989,0 млрд. сўмга ҳисобланиб, реконструкция қилиниши лозим эди. Афсуски, Президент қарори бўлишига қарамасдан, Миришкор яна четга «улоқтирилди».
Буниси энди ошиб тушди. Кеча вилоятдаги аксарият туман ва шаҳар Маданият бўлимларига Президент совғаси сифатида «Дамас» автомашиналари топширилди. Яна Миришкор ажратиб қўйилди. Баҳона эса доимгидек кейинги сафар", - дейди Азиз Яздурдиев.
«Nasafnews» ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Маданият бошқармаси ахборот хизматидан изоҳ олди. Маълум қилинишича, «Дамас» русумли автомашиналар вилоятнинг энг чекка ҳудудларидаги Маданият бўлимларига берилиши назарда тутилган. Аммо қолган туманларга ҳам яна машина топширилиши режалаштириб турилибди. Бошқарма ахборот хизмати аввалроқ Миришкор тумани Маданият бўлимига «Нексия» русумли хизмат машинаси ҳам топширилганини қўшимча қилар экан, бу маълумотни тез орада аниқлаштириб беришини таъкидлади.
Азиз Яздурдиевга кўра, Миришкор туманида маданият соҳаси учун эътибор йўқ. Айниқса, Миришкор туман Маданият маркази биноси таъмирланиши Президент қарори бўлишига қарамай кечиктирилмоқда.