Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев судда жиддий огоҳлантирилди
Шу йилнинг 25 август куни Жиноят ишлари бўйича Кўкдала тумани судининг очиқ суд мажлиси ўтказилди. Судда Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаевга оид маъмурий иш кўриб чиқилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қашқадарё вилоятидагин шўъбаси Чироқчи туманида фаолият олиб бораётган "Дурсун илғори" фермер хўжалигининг мурожаатига асосан Чироқчи тумани ҳокимига 2022 йил 17 июнь куни хат юборган. Аммо туман ҳокими ўз мажбуриятларини бажармасдан, юборилган мурожаатни кўриб чиқмасдан қолдириб ёки мурожаатни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузган. Н. Эркаев бу хатти-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1973-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир қилган.
Судда туман ҳокими бу важга нисбатан туман ҳокимлигига жуда кўп мурожаат келиши, ҳар бир мурожаатни ўрганиш маълум вақт талаб этиши, "Дурсун илғори" фермер хўжалиги раҳбари билан шахсан ўзи учрашгани ва муаммони ижобий томонга ҳал қилганини айтиб, ишни қонуний кўриб чиқишни сўради.
Ҳуқуқбузарнинг содир қилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракати суддаги ва суриштирув давридаги ҳужжатлар, маъмурий баённома ҳамда бошқа далиллар билан ўз исботини топди.
Суд қарорига кўра, туман ҳокими Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1973-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир қилган деб топилди ва кодекснинг 21 моддасига асосан, маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантириш берилди.
Туман ҳокимига 20 сутка ичида суд қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят бериши тушунтирилган.