Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Чироқчида 5 млн 500 минг сўм миқдордаги порани олмаган профилактика инспектори мукофотланди

Чироқчида 5 млн 500 минг сўм миқдордаги порани олмаган профилактика инспектори мукофотланди

12 сен 2022
2 465
МАҲАЛЛИЙ

2022 йил 10 июнь куни Чироқчи туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори катта лейтенант Нурбек Оқназаров хизмат ҳудуди туманнинг тоғли «Лангар» МФЙда хизмат олиб бораётганда Самарқанд вилоятига тегишли "Нива" русумли автомашинага дуч келади. Автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчи билан мулоқотга киришади. Меҳмон ўзини Б.П. деб таништириб, тегишли ҳужжатлари йўқлигини билдиради.

Автомашинада эса икки нафар вояга етмаган болалар бўлиб, улар Чироқчи тумани Хонтепа қишлоғида яшовчи Р.М. ва А.С. эканлигини, мақсад эса қишлоқ ҳудудида ўсадиган "Каррак" ўсимлигини йиғиш учун болаларни ёллаганлигини маълум қилади.

Катта лейтенант Нурбек Оқназаров аниқланган ҳолатлар — автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариш ва вояга етмаган шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари бўйича ҳужжатлар расмийлаштиради.

Иш бундай чаппасига кетишини кутмаган меҳмон Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи фуқаро Б.П. профилактика инспекторига ишни ўз фойдасига ҳал этиш эвазига пора таклиф қилади. Катта лейтенант Нурбек Оқназаров унга бу иши жиноят эканлигини, агар ниятидан қайтмаса қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирсада, фуқаро фикридан қайтмайди. 

Натижада профилактика инспектори Нурбек Оқназаров бу ҳақда Чироқчи туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади.
Яқинда ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, Чироқчи туман ИИБ ва прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б. П. профилактика инспектори Н.Оқназаровнинг хизмат хонасида 5 млн 500 минг сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Чироқчи туман прокуратураси томонидан фуқаро Б.П.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Фуқароларда ички ишлар органларига бўлган ишончни мустаҳкамлагани учун катта лейтенант Нурбек Оқназаров бошқарма раҳбарияти томонидан пул мукофоти билан тақдирланди, дейилади Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида. 
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: