Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Қашқадарёда 3 кунлик фирма 2,6 млрд сўмлик иссиқхоналар қуриш тендерида ютиб чиқди

Қашқадарёда 3 кунлик фирма 2,6 млрд сўмлик иссиқхоналар қуриш тендерида ютиб чиқди

29 ноя 2022
916
МАҲАЛЛИЙ
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарёда 3 кунлик фирма 2,6 миллиард сўмлик иссиқхоналар қуриш тендерини ютиб чиққани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан etender.uzex.uz махсус электрон порталидаги 12 та лот бўйича 12 та туманда жами 289 та 2 миллиард 601 миллион сўмлик енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш бўйича ўтказилган танлов натижалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш натижасида буюртмачи томонидан савдоларнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ва савдоларнинг бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш орқали қонун бузилишларига йўл қўйилганлик аломатлари аниқланган.

Хусусан, НХС NXS Ctroybadmetall МЧЖ ва Turnoverprice МЧЖ томонидан керакли ҳужжатлар (иссиқхона қуриш бўйича иш тажрибаси, қурилишда ишлатиладиган материаллар рўйхати) тақдим қилинмаган бўлса-да, уларга асоссиз юқори баллар берилгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, буюртмачи томонидан ўтказилган танловларда харид комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлмаган ҳолда қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинган.

Юқоридагиларга асосан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 10 ноябрда иш қўзғатилиб, "Давлат харидлари тўғрисида"ги ва "Рақобат тўғрисида"ги қонун талаблари бузилган деб топилган ва танлов савдоларининг қарорларини бекор қилиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда қайта танлов ўтказиш бўйича кўрсатма берилган.

Бугунги кунда қарорлар бекор қилинган ва қайта танлов ўтказилади. Шу билан биргаликда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилмоқда.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: