Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Саида Мирзиёева оиладаги зўравонликни жиноят деб баҳолашни таклиф қилди
Саида Мирзиёева оиладаги зўравонликни жиноят деб баҳолашни таклиф қилди
06 дек 2022
1 006
МАҲАЛЛИЙ
Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева Тошкентда ўтказилган зўравонликка қарши курашни институционализация қилиш бўйича халқаро анжуманда Ўзбекистонда жамият зўравонликка нисбатан жуда сабрли экани ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда BBC Ўзбек хизмати хабар қилди.
"Менимча, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига аёлларгина эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканига урғу беришимиз лозим. Оиладаги зўравонлик — оиланинг ички иши эмас, бу муаммо бутун жамиятга тегишли. Аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак", — деди Саида Мирзиёева.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда "Зўравонликка қарши 16 кун" шиори остида туркум тадбирлар ташкил этилмоқда. 25 ноябридан 10 декабргача давом этадиган тадбирдан давлат ва жамиятнинг аёллар ҳуқуқи ва гендер тенглик муаммоларига эътибор қаратишини мақсад қилган.
"Нега бу мавзу биз учун муҳим? Нега ушбу вазиятдан чиқиш йўлини тинимсиз, астойдил қидираяпмиз? Халқаро институтларга мурожаат қилиб, улардан кўмак сўраяпмиз ва тажрибаларини ўрганаяпмиз. Лойиҳа кетидан лойиҳа яратяпмиз. Муаммоларнинг сабабини ўрганяпмиз. Лекин барча ҳаракатларга қарамай, бу борада ҳали бирон бир арзигулик ўзгариш бўлгани йўқ, назаримда", — деди анжуманда сўз олган Президент админстрацияси шўъба мудири.
Саида Мирзиёева ўзбек жамиятида гендер тенглик ривожланган мамлакатларда бўлгани сингари юқори даражага эришишига ҳаракат қилишини, аммо бу йўлда муаммолар кўплигини таъкидлади.
"Афсуски, жамиятимизнинг аксарият қисми анъаналарни қонунлардан устун қўяди. Бизнинг заиф томонимиз ҳам айнан шунда", — деди у. Саида Мирзиёева Ўзбекистон барча қонунлари тенгликка асослангани, аммо жамият биз зўравонликка нисбатан жуда сабрли экани ҳақида фикр билдирди.
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистонда вояга етмаганлар билан боғлиқ муаммолар ҳам кўтарилди.
"Вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарур. Бу борада болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш лозим. Оиладаги зўравонликни жиноят деб баҳолаш вақти келди", — таклиф билдирди Президент админстрацияси расмийси.