Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Қарши туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 500 АҚШ доллари билан қўлга тушди
Қарши туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 500 АҚШ доллари билан қўлга тушди
23 дек 2022
3 668
МАҲАЛЛИЙ
Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан коррупцион жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давом этмоқда.
Албатта, бундай огоҳлантирувлардан ўзига тўғри хулоса чиқармаган мансабдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, фуқаро С.Қ.нинг ариза юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.М. бирлашмада катта ҳамшира лавозимида ишловчи С.А. орқали фуқаро С.Қ.ни ишга қабул қилиш эвазига 500 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Қарши туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.