Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Ҳоким 10 та мактаб тажрибасини туман бўйлаб татбиқ этиш бўйича директорлар билан "Zoom" орқали суҳбатлашди
Ҳоким 10 та мактаб тажрибасини туман бўйлаб татбиқ этиш бўйича директорлар билан "Zoom" орқали суҳбатлашди
12 фев 2023
2 357
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Шаҳрисабз туманидаги мавжуд мактаблар ўрганилганиб, ижобий натижаларга эришган 10 та умум таълим мактаби танлаб олиниб, уларнинг тажрибасини туман бўйлаб тарғиб қилиш ишлари бошланган. Туман ҳокимлиги томонидан 74-умум таълим мактаби тажрибаси ҳақида аввал ҳам хабар берилган эди.
Мулоқотда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчиларнинг билим савиясини ошириш, замонавий методлардан фойдаланиш, битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичлари бўйича ижобий натижаларга эришиш юзасидан сўз юритилди. Шунингдек, мактабларда 7-11-синфларни ихтисослаштириш ва ўқувчиларнинг қизиқишига қараб чуқурлаштирилган тартибда билим бериб бориш белгилаб олинди. Бу борада мактаблардаги психологларнинг масъулиятини ошириш, ҳар бир бола тақдирига педогог жамоа билан жиддий ёндашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўқишга қизиқиши суст ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, улар билан мунтазам алоқа ўрнатиш юзасидан туман ҳокими ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Мулоқот чоғида Самад Ҳасанов баъзи ўқитувчиларнинг билим савияси талаб даражасида эмаслиги, натижада ўқувчилар бошқа ўқитувчига тўгарак машғулотларига қатнаётганини таъкидлаб, бу борада мактаб директорларининг ходимига нисбатан талабчанлигини ошириши, ҳар бир ўқитувчи ўз устида ишлашини назорат қилиб бориши зарурлигини таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Шаҳрисабз туманида 3811 нафар ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Уларнинг бор йўғи, 252 нафари олий тоифали ўқитувчилардир. Туман ҳокими бу кўрсаткич қониқарли эмаслиги, рақамлар айрим ўқитувчиларнинг ўз устида ишламай қўйганидан далолат бераётганини билдириб ўтди.
Тумандаги мавжуд мактабларнинг 26 таси яшил, 53 таси сариқ, 1 таси қизил тоифага киритилган. Бу йил туманда 2338 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлайди. Мактаблар тоифасини яхшилаш борасида режа асосида иш олиб бориш, битирувчиларнинг таёрланиши учун қулай шароитлар яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.