"Қорним учун эмас, қадрим учун йиғлайман!", — телевидение мухбири МТРК раҳбарига очиқ мурожаат йўллади
Қашқадарё телерадиокомпанияси мухбири О.Раҳимов Facebook'даги саҳифаси орқали Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси раиси А.Хаджаевга очиқ хат қолдирди.
«(”Қорним учун эмас, қадрим учун йиғлайман!”...) Мен Отабек Рахимов Қашқадарё телевидениесида 15 йилдан бери фаолият юритиб келаётган олий маълумотли журналистман. 2007-йилда “Келажак овози” Республика иқтидорли ёшлар танлови ғолиби сифатида Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факултетига имтиёз асосида қабул қилинганман. Талабалик даврида ҳам она тили ва адабиёт фанидан Республика фан олимпиадаси ғолиби, “Камолот”, “Меҳр нури фонди” васийлик кенгаши, “Касаба уюшмалари” қўмитаси стипендиялар соҳиби, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика танлови ғолиби сифатида эътироф этилдим. Ёш ижодкорларнинг “Зомин” семинари олий ўрин соҳиби сифатида, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тавсия этилганман. Ўтган йиллар давомида 10 га яқин китобларим нашр этилди. Телевидениедаги фаолиятим давомида ҳам «Энг улуғ, энг азиз», «Йилнинг энг фаол журналисти» Республика танловлари совриндори бўлдим. Айни пайтда «Қашқадарё телевидениеси тарихи» мавзусида мустақил илмий тадқиқот ишларини олиб бораяпман.
Сизга мурожаатим шундан иборатки, Жаҳонгир Тўйчиев Қашқадарё телевидениесига раҳбарликка тайинланганидан сўнг, кўплаб журналистлар қатори, менга ҳам ижодий кўрсатувлар тайёрлашга мунтазам чеклов қўйилди.Ўзим эса муайян шартнома асосида ишлашга мажбур бўлдим. Бунга сабаб, раҳбарнинг ижодий кўрсатувларга бефарқлиги, таниш-билишчилик ва коррупцион ҳолатларга мунтазам йўл қўйиб келаётганидир. (Устоз журналист Юсуф Норов устоз-фахрийлар номидан, тв мухбири Инобат Абдуллаева эса ёшлар номидан жасорат билан, бундай ҳолатларга нисбатан очиқ фикр билдиргани ҳам ҳеч кимга сир эмас).
Томошабинлардан келаётган эътироз, кўрсатувлар савияси ҳақидаги фикларни эшитадиган мард йўқ. Хусусан, менинг муаллифлигимдаги “Камалак юлдузлари” (Болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги иқтидор эгаларининг ижодий фаолиятидан тайёрланадиган), “Дилхуш давралар” (Вилоятимиз туманларига ташриф буюриб, ўша ҳудуддаги турли соҳа фаоллари, ижодкорлар, санъат аҳли даврасида суратга олинадиган), “Соғинчли ретро” (Ўзбек санъатида ёрқин из қолдирган буюк санъаткорлар ижоди ва уларнинг ёшлар ижодидаги янгича талқини), “Хулосаси ўзингиздан” ток-шоу (Ёшлар ўртасида турли ёт ғояларни бартараф этишга қаратилган), “Қадриятнома” (Вилоятимиздаги қадим ҳунарларни давом эттириб келаётган уста ҳунармандлар фаолиятидан тайёрланган), “Талант шоу” (Турли йўналишда ижод қилаётган талантларни, халқ овози ва ҳакамлар хулосаси орқали энг муносибларини аниқлаш мақсадида тайёрланган), “Сиз кутган учрашув”(Таниқли хонандалар, эл суйган машҳурлар билан суҳбат) каби ижодий кўрсатувларим эфир жадвалидан асоссиз уйдирмалар билан олиб ташланди. Ҳар куни эрталаб эфирга узатиладиган “Файзли кун” мусиқий дам олиш дастури ҳам вилоят раҳбарига ёқмаслиги рўкач қилиниб, ҳафтанинг фақат бир кунида эфирга бериладиган бўлди. Эфир сеткасига киритилган “Мулоқот”, “Тафсилот” , “Долзарб мавзу” “Бугуннинг мавзуси”, “Ислоҳотлар амалда” деган номи ҳам, мазмуни ҳам бир хил таёрланадиган лойиҳалар эса гўёки вилоят раҳбарига ёқадиган (салоҳияти ва номутахассислигидан қатъий назар) 3-4 та ходимдан ортмайди. Янги студиялар йўқ, борларида ҳам режиссёр иши, грим, саҳна безаклари, янги услуб кўзга ташланмайди. Бу борадаги фикрларга раҳбарнинг жавоби битта: “Тепадан берилган топшириқлар билан камераларимиз банд, ижодий кўрсатувларга рухсат йўқ!”
Бугун эса Жаҳонгир Тўйчиев турли интернет сайтларида ўз устидан бўлаётган шикоятларга мени ҳам алоқадор санаб, шу важ билан муайян шартномада фаолият олиб боришимга рухсат бермаслигини билдирган.
Халқ орасида бир гап бор:”Қорним учун эмас, қадрим учун йиғлайман!” Зотан, мен бирор марта маошим камлиги ёки моддий ёрдам сўраб раҳбарга мурожаат этмадим. Аксинча, доим ёрдам берувчилар сафида бўлишни истадим. Журналистик фаолиятим орқали таъмагирлик кўчасига асло қадам босмадим.
Моддиятга доир ишларни халқ хизматида юриб ёки абитуриентларга репититорлик қилиб ҳам топа олишимга кўзим етади. Аммо, мен тележурналистика одамимиман. У-ҳаётимнинг асосий мазмуни. Мақсадим битта, халқ кўнглига ёқадиган, уларнинг дунёқарашига ижобий таъсир эта оладиган янги лойиҳалар тайёрлаш!!! Устозларим, ҳамкасбларим бу борадаги изланишларимдан хабардор ва менга хайрихоҳ деб ўйлайман. Сиздан, МТРК раиси сифатида бу ноҳақ айбловларга чек қўйиб, жамоадаги маънавий муҳитни назоратга олиб, ўз илмий-ижодий фаолиятимизни телевидениеда давом эттиришга кўмак беришингизни сўраб қоламан.» деб Facebook'даги саҳифасида очиқ хат қолдирди.
Таҳририят: Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё телевидениеси раҳбари Жаҳонгир Тўйчиевга қўнғироқ қилдик. Аммо, қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.
Ўхшаш янгиликлар:
Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Қашқадарё ҳокимига ўринбосар бўлди
Ушбу лавозимда Бахром Юсупов ишлаб келаётган эди.