Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Олий суд жаримага тортилган блогерларни айбсиз деб топди
Олий суд жаримага тортилган блогерларни айбсиз деб топди
18 фев 2023
1 822
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Маълумотларга кўра, самарқандлик блогер ижтимоий тармоқ орқали пастдарғомлик аёл Навбаҳор Улуғмуродованинг молхонада яшаб келаётгани тасвирланган видео тарқатган. Тасвирга олиш жараёнида яна икки нафар блогер ҳам иштирок этгани аниқланган.
Видеода фуқаронинг турмуш ўртоғи вафот этгани, яшашга уйи йўқлиги сабаб бугунги кунда укасига тегишли молхонада яшаётганлиги кўрсатилган.
Шундан сўнг, Паст Дарғом тумани ҳокимлиги видеодаги ҳолатни рад этиб, мурожаатчи аёл муаммосини ўрганган блогерларни спектакль тайёрлашда айблаганди. Вилоят ИИБ эса уларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган.
Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг (судья: А.Ҳайдаров) қарори билан блогерлар – 1987 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган Н.Х., 1985 йилда Паст Дарғом туманида туғилган Ж.И., 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган С.О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат), 45-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 202-2-моддасининг 1-қисми (Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш) билан айбдор деб топилиб, ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 13 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 30 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Блогерларнинг шикояти асосида ишни кассация тартибида кўриб чиққан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси иш бўйича асосий гувоҳ Навбаҳор Улуғмуродовадан мазкур ҳолат бўйича тушунтириш олинмагани, дастлабки суриштирув органи томонидан қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани, биринчи инстанция суди ушбу хато камчиликларга эътибор қаратмагани, иш бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан ҳам юқоридаги қонун ва Олий суд пленуми қарори тушунтиришларига етарлича риоя қилинмасдан, биринчи инстанция суди чиқарган қарори ўзгаришсиз қолдирилгани, апелляция инстанциясида сўроқ қилинган блогерлар томонидан келтирилган важлар қандай асосларга кўра рад этилиши асослантириб берилмагани аниқланган.
Бундан ташқари, Кассация инстанцияси суди биринчи ва апелляция инстанцияси судларида кўриб чиқилган Ж.И, Н.Х ва С.Одни туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларини содир этганликда айбли деб топиш учун асос қилинган далиллар уларни мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топиш учун етарли эмас ва блогерларнинг мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этгани исботланмаган деб топган.
Шунга кўра Ж.И, Н.Х, С.Ога нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2022 йил 1 июлдаги қарори ҳамда уларга нисбатан чиқарилган Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси қарори бекор қилинган. Блогерларга нисбатан очилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.