Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Буйруқ бор, ижроси йўқ. Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари мурожаат билан чиқди
Буйруқ бор, ижроси йўқ. Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари мурожаат билан чиқди
03 май 2023
3 478
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Ижтимоий тармоқларида Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг бўлим ходимларини жамғарма маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш, устама ҳамда бошқа қўшимча ҳақ миқдорларини белгилаш тўғрисида жорий йилнинг 24 апрель кунида буйруғи чиқарилгани ҳақида хабар тарқалди.
Бироқ, Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари мазкур буйруқ ижро этилмагани, қўшимча ҳақлар берилмаётганидан эътироз билдириб, блогерга мурожаат йўллашган.
Nasafnews.uz ҳолат бўйича Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Баҳодир Мўминовдан изоҳ олди.
"Шу бўйича Бандлик бошқармасига ва вилоят молия бошқармасига хат қилинган. Вилоят молия бошқармаси ҳулоса беришини кутиб турибмиз. Ҳулосаси бўлганидан бериш, бермасликни айтаман", деб жавоб берган Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Баҳодир Мўминов.
Баҳодир Мўминов қўшимча қилишича, буйруқ чиққанидан сўнг муаммо пайдо бўлган.
Қолаверса, мазкур ҳолатга муносабат билдирган вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимларни рағбатлантириш учун 2023 йил харажатлар сметаси бўйича жами 234 000 000,0 сўм маблағ ажратилганлиги боис 2023 йилнинг 1 чорагида ҳам 16 533 664,0 сўм ортиқча тўловларга йўл қўйилганлигини билдирган. Бошқарма ахборот хизмати шу сабабли қўшимча ҳақлар тўланмаётганини маълум қилди. 16 533 664,0 сўм ортиқча тўловларга йўл қўйилган экан унда нимага Қарши шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи буйруқ чиқарган? Баҳодир Мўминов буйруқ чиқаришдан аввал ҳолатни яхшироқ ўрганиб, шундан сўнг буйруқ чиқариши керак эмасмиди?
Ортиқча тўловларга йўл қўйилган бўлса, масъул шахсларга нисбатан қандай чора кўрилган? Ёки бу ҳолатга кўз юмиб кетиладими?