Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Компрессор станциялари ёрдамида газ конидаги босим максимал миқдорга тикланди

Компрессор станциялари ёрдамида газ конидаги босим максимал миқдорга тикланди

29 дек 2023
480
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан айрим босими тобора пасайиб бораётган конларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини барқарор сақлаб туриш мақсадида кичик компрессор станцияларини қуриш лойиҳаси бошланган эди. Ушбу кичик станциялар қурилиши қисқа вақт ва кам маблағ талаб этилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Худди шундай иккита станция Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Чўлқувар” ва “Гирсан” конларида икки ой муддатда қуриб, ишга туширилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда станцияларнинг мавжуд табиий газ захираларини максимал даражада ўзлаштиришдаги хизмати ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ушбу кичик компрессор станциялари “Чўлқувар” ва “Гирсан” конларидан қазиб олинаётган кунлик 500 минг куб метр табиий газни қазиб чиқаришда барқарор ишлашни таъминлайди.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, “Гирсан” кони 1989 йилда, “Чўлқувар” кони эса 2007 йилда ўзлаштирилган бўлиб, конлар тузилиши жиҳатдан мураккаб захираларга эга. Узоқ йиллар давомида уларнинг ишлатилиши қазиб чиқариш ҳажмининг пасайиши, захиралар ва қатлам босимининг табиий тушишига олиб келмоқда. Бундай шароитда газни барқарор етказиб беришда конларда кичик компрессор станцияларнинг ўрнатилиши технологик ечим ҳисобланади.

Янги иш бошлаган компрессор станциялари қудуқлардан келаётган 1 атмосфера босим остидаги табиий газни, 10 атмосфера босимда “Помуқ” конидаги базавий компрессор станцияларига, кейин эса олтингугурт бирикмаларидан тозалаш мақсадида Муборак газни қайта ишлаш заводига 50 км қувурлар тизими орқали етказиб беришни таъминлайди.

Кичик компрессор станциялари Хитойнинг “JEREH” компанияси томонидан, компрессорлари Япониянинг "MYCOM" компанияси томонидан етказиб берилди.

Станцияларни электр энергиясини билан таъминлаш мақсадида юқори кучланишли ҳаво электр тармоғи ва нимстанциялар ишга туширилди. Шуниси аҳамиятлики, электр ҳаво тармоғининг қурилишида зарур моддий-техник ресурслар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ички имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда “Махсусэнергогаз” АЖ компанияси билан ҳамкорликда қисқа муддатда қуриб ишга туширишга эришилди. 

“Чўлқувар” станцияси агрегатлари 2023 йил декабрь ойининг сўнги ўн кунлигида синов муддатига ишга туширилди. Ҳозирда компрессор станцияларининг ишга тушишидан келиб чиқиб кондаги қудуқларда ишчи параметрларни танлаш ишлари амалга оширилмоқда.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: