» » Масъуллар танқидни кутиб тургандими? Чангга ботиб яшаётганлар муаммоси назоратга олинди

Масъуллар танқидни кутиб тургандими? Чангга ботиб яшаётганлар муаммоси назоратга олинди

25 май 2022
531
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Хабарингиз бор, «Nasafnews» ахборот портали кеча ўзининг телеграм ва YouTube саҳифаларида Қарши шаҳар Батош МФЙ Янги Шойхўжа массивида яшовчи аҳолининг чангга ботиб яшаётгани ҳақида бир қатор видео ва репортажлар эълон қилинди. Воқеа жойига етиб келаман деб шу ерлик аҳоли ва ОАВ вакилларини алдаган вилоят автомобиль йўллари бошқармаси ва йўл ҳокимлик балансига қарамаслигини айтган Қарши шаҳар ҳокимлиги мазкур хабарларга муносабат билдириб чиқди.

Видеолавҳада Қарши шаҳри Батош МФЙ Янги Шойхўжа массивида яшовчи аҳоли йўл таъмири, ичимлик сув ўтказиш ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилишган. Ушбу ҳолат Қарши шаҳри 2-сектор раҳбари Алишер Мирзаев, шаҳар ҳокими ўринбосари Ғайрат Султонов, вилоят Автомобиль йўллари бошқармаси ва бошқа тегишли идоралар масъуллари томонидан фуқаролар иштирокида жойида ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида Қарши шаҳри Батош маҳалласи Янги Шойхўжа массивидаги 1,2 км йўлга асфальт қопламаси ётқизилгани, мазкур йўл саноат зонасига кириб-чиқиш йўлида жойлашганлиги, хусусан “
ERIELL SERVICE” шўъба корхонаси, “Epsilon Development”  компанияси ва бошқа йирик корхоналарга тегишли техникалар қатнови натижасида йўл бугунги кунда таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги аниқланди.

Батош маҳалласи Янги Шойхўжа массивидаги 1,2 км йўл ҳозирда Қашқадарё вилоят Мунтазам йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси балансида бўлиб, корхона томонидан йўлни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, йўлнинг 500 метр қисмини шу йилнинг июнь ойига қадар, қолган қисмини август ойигача таъмирлаш маълум қилинади.
Бундан ташқари аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ички кўчаларга тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш ишлари ҳам бошланди. Ўрганишлар жараёнида Янги Шойхўжа массивига газ ва электр тармоғи тортилгани аниқланди. 

Аҳоли билан мулоқотда умумий ўрта таълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси қуриб бериш, ичимлик сув тармоғини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатлар ҳам ўрганилди. Мазкур объектларни қуриш, ичимлик сув тармоғини ўтказиш катта маблағ талаб этиши боис, бу ишлар келгусида давлат дастурлари доирасида амалга оширилиши аҳолига тушунтирилди, дейилади Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан билдирилган муносабатда.

Бундан кўринадики, мазкур йўл тез орада асфальт бўлади. «Nasafnews» мазкур ҳолатни кузатиб боради ва мутасаддилар ваъдаси амалга ошмаса, мавзуга яна қайтамиз.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: