Муборак туманидаги банкомат олдида фирибгар пайдо бўлди
АТБ «SANOATQURILISHBANK»га қарашли Муборак туманидаги банкомат олдида фирибгарлик қилиб, ўзга фуқаронинг пластикидан 6 млн 900 минг сўм пулларни ечиб олган шахс устидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида яшовчи 37 ёшли М.З. ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида режа тузади ва АТБ «SANOATQURILISHBANK»га қарашли Муборак туманидаги банкоматга пластик картасидаги пулини нақд пулга алмаштириш учун келган 31 ёшли Қ.М.га ёрдам беришини айтади.
Унинг пластик картасини банкоматга тиқиб, пластик картани «СМС» хабарномасини ўзининг телефон рақамига улаб олиб, унга пластик картангиз кодланиб қолибди деб, қайтариб бериб, пластик картадаги 6 млн. 900 минг сўм пулларини «Paymе» илова орқали ўзининг пластик картасига ўғирлик йўли билан ўтказиб олади ва бу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Бундан ташқари, М.З. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом этириб, жорий йилнинг февраль ойидан март ойига қадар яна 6 нафар фуқароларга пластик карточкаларидаги пулларини банкомат орқали нақдлаштиришда ёрдам беришини айтиб, уларнинг карталарини ҳам ўзининг телефон рақамига улаб олиб, пулларни «Paymе» иловаси орқали яширин равишда ўтказиб олиб, эгаллаган пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланган.