Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Туризм қишлоғи деб айтилган ҳудудда вазият ёмон

Туризм қишлоғи деб айтилган ҳудудда вазият ёмон

21 июл 2022
1 994
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Гапнинг лўндасини айта қолайлик, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Тарағай МФЙ. Бугун бу манзилга Туризм қишлоғи мақоми берилган. Ҳудуд аҳолиси 6 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Табиатан ўзига хос манзарга эга бўлган қишлоқдаги бугунги ҳолат “бироз” ачинарли. Яъни бутун қишлоқни-ку қўя турайлик, ҳудуд кираверишидаги Навбаҳор ва Хонқишлоқ гузарларидан сўзласак. 

Бу ерда ҳам кам аҳоли яшамайди: қарийб 125 хўжалик, яъни 500 нафарга яқин тирик жон. Улар бир неча йилдан бери чироқ муаммосидан қийналиб келишади. Сабаби, мазкур гузарда ўзининг меъёрий қувватидан бир нечта ортиқ хўжаликни электр энергия билан таъминлаб турган трансформоторнинг носозлиги. 

Маҳалла оқсоқолининг айтишича, ушбу трансформатор 63 та хўжаликни электр манбаи билан таъминлашга мўлжалланган экан, бироқ ҳозирда мазкур трансформаторга 125  хўжалик уланган. Натижада эса, мазкур трансформатор тез-тез бузилиши, ёниб кетиш ва ўт чақнашига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида аҳоли қиш кунлари электр токисиз, ёз мавсумида талофатли ёнғинларни бошдан кечиришяпти. Ёмони, ҳафталаб, ойлаб ёруғликдан маҳрум бўлишяпти.
Трансформатор баҳоси қиммат, тузатиш эса пулли. Ҳар гал носозлик вақтида одамлар чироқчиз яшашга мажбур бўляпти.

"Сизга айтсам, шу муаммонинг ортидан югуравериб чарчадик. Очиғи, бу эскирган жиҳозларнинг зарари фойдасидан бир неча баробар ошиб кетган. 10-15 йиллар аввал оталаримиз шу муаммо билан югурган бўлса, бугун бу – бизга мерос. Тўғри, бўлгани битта трансформатор, лек унинг янгисини ўрнатиш одамларимиз учун оғирлик қиляпти, шундоғам ҳар портлаганида туман марказига бориб, фалон сўмга тузатиб келамиз, – дейди тарағай қишлоғилик Ориф Бобониёзов. – Агар чамалаб кўрсак, бугунги кунда баҳоси 295 сўм бўлган 1 кВТ электр энергия бизга 1500 ёйинки 2000 сўмга айланган пайтлари ҳам бўлган. Энг ёмони, ҳозир қишлоғимизда иссиқ шамол мавсуми. Қўрқиб турибмизки, яна бирор қўшнимизнинг ҳовлисига ўт кетмасин, деб. Сабаби, трансформатордан ўт чақнаши ёки эскириб, муддатини ўтаб бўлган симёғочлардан электр токи узилиб кетиши натижасида ора-сура ёнғинлар келиб чиқяпти, бу эса дард устига чипқон чиққандек бўляпти. Масъулларга қилган мурожаатларимиз ҳар доимгидек жавобсиз қоляпти..."

 Ҳа, мавзуни ўрганиш чоғида бегона бўлмаган яна бир муаммо олдимизга кўндаланг тушди. Гап шундаки, ҳудуддаги симёғочлар ҳам аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган. Ярим аср ёшни қаршилаган ёғоч устунларнинг ҳамон тик турганига қойил қоласан киши. Қишлоққа 1971 йилда электр токи етиб борган бўлса, демак бу устунлар 51 йиллик тарихга эга. Уларни алмаштиришни эса ҳалича ҳеч ким ўйлагани йўқ, наздимизда.

Мавзуни ўрганиш чоғида айни муаммолар бўйича қишлоқ аҳолисидан ташқари биз ҳам “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга мурожаат қилдик, бироқ ҳеч қандай жўяли жавоб ололмадик.
Демоқчи бўлганимиз, тараққиёт, Учинчи ренессанс, Туризм қишлоғи деб бонг урганимиз билан кўз ўнгимиздаги мавжуд муаммолар ўз ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Зотан, ҳар ким ўзи учун белгиланган вазифаларни бажармас экан, бу каби муаммолар урчиб бораверади. 

Сулаймон Ҳайдаров, Журналист.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: