Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Қаршидаги хароба ётоқхонанинг 4-қаватидан 35 ёшли эркак тушиб кетиб ҳалок бўлди

Қаршидаги хароба ётоқхонанинг 4-қаватидан 35 ёшли эркак тушиб кетиб ҳалок бўлди

04 сен 2022
2 692
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Қарши шаҳридаги Шодлик маҳалласида жойлашган 2-сонли хароба ётоқхонада кеча 3 сентябрь куни бахтсиз ҳодиса содир бўлди.  Бу ҳақда воқеа тафсилотларини ўрганган "Nasafnews" мухбири хабар бермоқда. 

Маълум бўлишича,  ётоқхонанинг 4-қаватида жойлашган уйлардан бирида яшовчи 1987 йилда туғилган эркак М.Н. ён қўшнилари билан жанжаллашиб қолган. Қўшнилар унга ўткир тиғли буюмлар билан жароҳат етказгани айтилмоқда. Фуқаро эса ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уйига кириб, устидан қулфлаб деразадан дарахтга сакрамоқчи бўлган. Аммо дарахтгача ета олмай, қулаб тушиб воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу маълумотларни воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг бошқа қўшнилари айтмоқда.

Ҳозирда марҳум яшаган хонадон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан муҳрланган. 

"Nasafnews" мухбирининг ёзишича, хароба ётоқхонанинг биринчи қаватида маҳалла идораси ва ҳудуд профилактика инспектори хонаси жойлашган. Аммо улар одатда бу ётоқхонада яшаётган фуқаролар жанжалига аралашмайди. Ҳудуд инспектори янада хушёр бўлганида бугун бундай кўнгилсиз воқеа келиб чиқмас, жанжалнинг олди олинар эдими? 

Қашқадарё вилояти прокуратураси "Nasafnews"га мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ётоқхона бундан 9 ой аввал хароба эканлиги билан тармоқда қатор муҳокамаларга сабаб бўлганди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: